АЁЛ ЖИНОЯТ КЎЧАСИГА КИРИБ, МУҚАДДАС НОМИГА ДОҒ ТУШИРМАСИН
Аёл – ёш авлод тарбиячиси, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдоши ва жамиятда ҳам ўз ўрнига эга инсон сифатида элимизда ҳурматга, эътиборга сазовор. Шундай бўлса-да, айрим аёлларнинг ўз шаънига номуносиб тарзда жиноятга қўл ураётганлигини инкор эта олмаймиз. Бу борада туманда ИИБ, туман ҳокимлиги ва тегишли мутасадди идора-ташкилотлар билан ҳамкорликда туман ҳудудида истиқомат қилувчи хотин-қизлар билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли равишда профилактик ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Лекин, афсуски, ўз нафси қурбонлари бўлган айрим кимсалар жамиятимизда жазо муқаррар эканлигини билсалар ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишда давом этмоқдалар. Туманда яшовчи хотин-қизлар томонидан жорий йилда 23 нафар шахс томонидан 18 та жиноятлар содир этилган бўлиб, шундан, фирибгарлик 11 та, ўғирлик 1 та, ўзлаштириш ва растрата 5 та, безорилик 1 та, қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш 2 та, енгил тан-жароҳати етказиш 2 та ҳолатда содир этилган. Шунингдек, туман ҳудудида хотин-қизлар билан боғлиқ 480 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларга нисбатан профилактик йиғма жилдлар юритилган.
Бундан ташқари, туманимиздаги тазйиқ ва зўравонликка учраган 109 та хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиб, туман ИИБ томонидан ҳимояга олинган. Ҳимоя остига олинган хотин-қизларга нисбатан қайта тазйиқ ва зўравонлик содир этилган ёки ҳимоя ордери талабларини бошқача тарзда бузган 3 та ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳимоя ордери берилган аёллар билан маҳалла вакиллари, профилактика инспекторлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор томонидан ҳолидан хабар олиниб, доимий профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.
Туман ИИБ ЖҲХ Пробация гуруҳи ҳисобида туриб жазо муддатни ўтаб келаётган хотин-қизлар 18 нафар бўлиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда. Уларни иш билан таъминлашда ҳамда ижтимоий мослаштиришда амалий ёрдамлар берилиб келинмоқда. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатига учраган хотин-қизлар тан-жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг жабрланувчиси бўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида бу бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилганларга туман ИИБ томонидан ҳимоя ордери берилиб борилмоқда.
Жамият ва оила кўрки бўлган аёллар ҳаётда ўз ўрнини билиши, аёл деб аталган муқаддас номга доғ туширмаслиги лозим. Адашган ва хато қилган хотин-қизларга тўғри йўлни топишларига кўмаклашиш, зўравонлик қурбони, жиноят ва ҳуқуқбузарлик сабабчилари бўлишларининг олдини олиш ҳаммамизнинг вазифамиздир.
Инобат Ўрозматова, туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶