Амударёда жиноятчиликка қарши кураш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масаласи кун тартибида
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Шоҳруҳ Аминов томонидан Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли Қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар чуқур ва танқидий муҳокама қилинди.
Туман прокуратураси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳудудда жиноятчилик ҳолати, айниқса, маҳаллаларда профилактика ишларининг самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди. Муҳокамалар давомида туманда содир этилган умумий жиноятларнинг 74 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар экани алоҳида қайд этилиб, бу ҳолат масъуллар томонидан олиб борилаётган профилактик ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаганидан далолат бериши кескин танқид қилинди.
Йиғилишда, айниқса, оилавий зўравонлик ҳолатларининг кескин ошиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотди. Ушбу салбий ҳолатларнинг асосий сабаби сифатида масъул идоралар ҳамда маҳаллаларда фаолият юритувчи “маҳалла еттилиги” ўртасида самарали ҳамкорликнинг йўқлиги, масалаларга юзаки ёндашув ва муаммоларни барвақт аниқламаслик ҳолатлари кўрсатиб ўтилди. Прокурор томонидан бундай лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги қатъий таъкидланди.
Масъулларга ижтимоий профилактика ишларини тубдан кучайтириш, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича кескин ва манзилли чоралар кўриш, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини чуқур ўрганиб, уларни барвақт бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида жиноятчиликка қарши ишлашнинг янги механизмларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама жараёнида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва тушунтиришлари тингланиб, белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳар бир раҳбар ўз йўналиши бўйича шахсий масъулиятни чуқур ҳис этиши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Шундан сўнг, туман прокуратурасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тезкор хизмат ходимлари иштирокида Президентимиз томонидан жорий йил 27 январь куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан алоҳида муҳокама бўлиб ўтди. Унда уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмагани кескин танқид қилинди.
Хусусан, синтетик ва психотроп дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши билан боғлиқ ҳолатлар умуман аниқланмагани, гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласи бўйича эса жуда кам ҳолатлар фош этилгани масъул идоралар фаолиятидаги жиддий камчилик сифатида баҳоланди. Бу йўналишларда ишларни фақат статистик кўрсаткичлар учун эмас, балки реал хавф-хатарларни бартараф этиш мақсадида олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Шоҳруҳ Аминов томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳолати маҳаллаларга бевосита чиқилган ҳолда жойида ўрганилди. Аҳоли билан мулоқотлар ўтказилиб, мавжуд муаммолар, уларнинг сабаб ва омиллари юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас, балки барча масъул ташкилотлар, маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этади.
Бу борада танқидий таҳлил ва қатъий назорат эса натижадорликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶