ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ НИМАДА?
Оилавий ажримлар бугунги куннинг долзарб муаммосига, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим қилмасликка жиддий эътибор қаратилаётгани, маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчиликнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар сони камаймаяпти.
Оқибатлар ўрганилганда, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани маълум бўлади. Тан олиш керак, оилаларнинг бузилиб кетишига қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви, ачинарлиси, жаҳл устида айтилган биргина аччиқ гап ҳам сабаб бўлаётгани жуда ачинарли. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги вазият ўрганилганда рўзғордаги етишмовчиликка, эркакларнинг оиласидаги ўз ўрни ва мавқеини йўқотишларига айнан ичкилик сабаб бўлаётгани ойдинлашади.
Икки-уч болали ота ва оналарнинг характеримиз тўғри келмади деган важ баҳона билан ажрашиш ҳақида қарор қабул қилишаётгани, вояга етмаган фарзандларининг келгусидаги тақдирин ўйлаб ҳам кўришмаётгани, ҳаётнинг кичик бир зарбасидан гангиб қолиб, зиммасидаги юксак масъулиятни унутишаётгани қалбларни ларзага солади. Мана шундай вазиятларда азал-азалдан оилада кекса, маҳалла нуронийлари томонидан учқуннинг аланга олмаслиги чоралари кўрилган. Яъни ёшларга панд-насиҳатлар, ибратли воқеалар сўзлаб берилган. Ўйланмай ташланган қадамларнинг оғир оқибатлари ва асоратлари ҳақида огоҳлантирилган.
Ажримларнинг яна бир жиддий сабаби ўткинчи ҳою-ҳаваслар ортидан қарзга ботиб қолиш ҳисобланади. Шоҳона яшаш, қиммат машина миниш, данғиллама тўйлар-у зиёфатлар қилиш ниятида бемақсад, режасиз қарз ва кредитлар олиш, сўнгра уни қайтаролмагани учун юзага келадиган нохуш вазиятлар оилавий ажримларнинг сабабларидан бирига айланаётгани ҳам бор гап. Хорижга ишга чиқиш, меҳнат мигрантларининг оилавий муносабатларга таъсир этаётгани оилавий ажримларнинг кўпайишига сабаб бўлаётган омиллардан бири. Шу сабабли оиланинг асосий икки вакилидан бири хорижга ишлаш учун кетган хонадонларда ҳам доимий мулоқотлар олиб бориш зарур.
Оилавий ажримларга жамиятнинг катта фожеаси сифатида қараладиган фурсат етиб келди. Ҳар бир инсоннинг оилавий бахт топишга, ҳаётини тинчлик-тотувликда ўтказишга ҳаққи бор.
Оиладаги ажримларнинг олдини олишда асосан, ёшларни оила илмига ўргатиш мақсадга мувофиқ. Уларга оиланинг муқаддаслигини тушунтириш, тарғибот тадбирларини бутунлай янги босқичда, ноодатий усул ва ёндашувлар асосида олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
М.Эшмуродова, туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶