"ҲОЖИ ЭШОН БОБО" ЖОМЪЕ МАСЖИДИНИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида маънавият ва маърифат, руҳий тарбия маскани бўлмиш масжидларни ободонлаштириш, тиклаш-таъмирлаш ишларини олиб бориш ва янги масжид биноларини бунёд этиш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказишдек хайрли ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда. Буни сўнгги 4-5 йил ичида мамлакатимизда динимиз ва мусулмонлар жамоати талабларига муносиб 40тадан зиёд янги масжидлар қурилиб, давлат рўйхатидан ўтказилганидан ҳам билиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг “Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ мамлакатимизда 300тадан зиёд жомъе масжидлари бинолари бутунлай қайтадан бунёд этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Яна 300дан зиёд масжидлар бинолари эса жорий таъмирланди. Бу каби қурилиш-таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари Амударё туманида ҳам кенг миқёсда амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда туманда фаолият олиб бораётган бир нечта масжидда тиклаш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, намозхонларнинг ўз ибодатларини эмин-эркин амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, “Ҳожи Эшон бобо”, “Нўғай Эшон бобо” жомъе масжидлари учун янгидан меъморий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, мазкур жомъе масжидларини ҳомийлик ёрдамлари асосида янгидан бунёд этиш ишлари ўтган йилларда бошлаб юборилган эди.
Янгидан қуриб битказилган “Ҳожи Эшон бобо” жомъе масжиди жорий йилнинг 12 ноябрь куни мусулмонлар жамоати – масжид қавми учун фойдаланишга топширилди.
Қипчоқ шаҳарчаси марказида, Амударёнинг сўлим чап соҳилида қад ростлаган янги жомъе масжиди мажмуаси шаҳарчага кўрк ва файз бағишлаб, шу куннинг ўзида шаҳарча мусулмонлари ва атроф қишлоқлардан ибодат учун ташриф буюрган аҳолини ўз бағрига олди.
Масжиднинг очилиш маросимига бағишланган йиғилишда Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, Қорақалпоғистон Республикаси Мусулмонлари Қозиёти қозисининг ёрдамчиси Баҳрамаддин Розов, туман бош имом-хатиби, “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди имоми Абдураҳмон ҳожи Матсапоев ҳамда Қипчоқ шаҳарча фуқаролар йиғини масъуллари, “Ҳожи Эшон бобо” жомъе масжиди қавми вакиллари иштирок этишди.
Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов барчани туманимизнинг шимолий дарвозасида, сўлим Аму соҳилида, Қипчоқ шаҳарчасига кўркамлик бахш этиб, исм-шарифини айтишни истамаган қанглилик саховатпеша тадбиркор ҳиммати туфайли қад ростлаган янги масжид биноси бунёд этилгани билан самимий табриклади. Шу билан бирга мустақиллик йилларида мамлакатимизда шариатимиз аҳлларининг дини-ислом аҳкомларини адо этишлари учун кенг имконият ва шароитлар яратилгани, дин ва эътиқод эркинлиги Конституциямиз орқали кафолатлаб қўйилгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Маросим давомида Қорақалпоғистон Республикаси Мусулмонлари Қозиёти қозисининг ёрдамчиси Баҳрамаддин Розов, туман бош имом-хатиби, “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди имоми Абдураҳмон ҳожи Матсапоев ва бошқалар ҳам сўзга чиқишиб, Амударё туманидаги мавжуд барча масжидлар қавмлари учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар, жойлардаги жомъе-масжидлари имомлари ҳамда масжидлар қавмлари фаоллари томонидан халқимиз орасида олиб борилаётган маънавий-руҳий ва ҳақиқий исломий тарбиянинг яхши йўлга қўйилгани, натижада туманда ёшларнинг турли ёт ғоя ва оқимлар таъсирига берилиш ҳолатлари кузатилмаётгани хусусида сўз юритдилар.
Шундан сўнг, маросим иштирокчилари янги масжид биносида намозхонлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. 750 нафар намозхонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун мўлжалланган кенг ва ёруғ ибодат айвони, меҳроб, муаззин учун махсус жиҳозланган пешайвон, исломий талаблар асосида бунёд этилган замонавий таҳоратхона, масжид маъмурияти учун мўлжалланган махсус жиҳозланган хона, қабулхона, мусофир йўловчи-мусулмонлар учун мўлжалланган хоналар, мўъжаз кутубхона барчада яратилган имкониятлардан қониқиш ҳиссини уйғотди.
Айниқса, масжид атрофида қипчоқликлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли “Ҳожи Эшон бобо” жомъе масжиди янада кўркам қиёфа касб этганини маросим иштирокчилари алоҳида эътироф этишди.
Шу куннинг ўзидаёқ масжид қавми ва меҳмонлардан иборат намозхонлар янги масжид биносида ўз ибодатларини адо этишни бошлаб юбордилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶