Қизлар ўртасида баскетбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кубоги мусобақалари ўтказилди
Инсоннинг жисмоний фаоллигини оширишда спортнинг тутган ўрни муҳим аҳамиятга эга. Спорт – нафақат инсонни соғломлаштиради, балки уни маънавий камолот сари етаклайди. Спорт – эл-у элатларни миллатларни, дунё давлатларини, ҳатто қитъаларни бирлаштиради, битта майдонга жамлайди. У халқларни дўстлик, тинчлик, миллатлараро тотувлик сари чорлайди. Шу боис, мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш, турли спорт мусобақаларини ўтказиш, бу мусобақаларни давлат ва ҳомийлар томонидан молиялаштириш, халқаро мусобақалар ғолиб ва иштирокчиларини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Жорий йилнинг 18 сентябрь санасида спортнинг баскетбол тури бўйича Амударё туманида қизлар ўртасида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси кубоги мусобақалари ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг турли ҳудудларида яшовчи ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман ва бошқа миллат вакилларини бир эзгу мақсад – дўстлик, тинчлик, миллатлараро тотувлик, бирдамлик йўлида ва бир майдон аро мусобақаларда жамлагани билан муҳим аҳамият касб этди.
Ўсмир ва 16 ёшли қизлар ўртасида ташкиллаштирилган мазкур мусобақаларда Республикамизнинг 8та туманидан ташриф буюрган баскетбол спорти бўйича қизлар жамоалари иштирок этдилар.
Мусобақанинг ҳалол ва шаффофлик асосида ўтказилишини таъминлаш мақсадида жамоалар аъзолари ташкилотчилар томонидан мусобақа Низоми билан олдиндан таништирилди. Мусобақа бўлиб ўтадиган стадионда иштирокчилар учун кийиниш, ювиниш хоналарида зарур шарт-шароитлар яратилиб, тиббий ҳамширалар хизмати ташкил этилди.
Дўстона ва бирдамлик асосида ўтган мусобақаларда ўзларининг эпчилликлари ва чиройли ўйинлари билан Нукус шаҳри баскетболчи қизлар жамоаси фахрли биринчи ўринни эгалладилар. Иккинчи ўрин Амударё тумани спортчиларига, учинчи ўрин эса тахтакўпирлик баскетболчи қизлар жамоасига насиб этди.
Мусобақа якунида ташкилотчилар томонидан Нукус шаҳри баскетболчи қизлар жамоасига Қорақалпоғистон Республикаси кубоги тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Амударё ва Тахтакўпир туманлари жамоалари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.
Равшан Баҳромов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶