Мактабгача таълимда инновацион усуллар самарадорликни оширади
Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш мамлакатимизда устувор йўналишлардан бири бўлиб, соҳага оид ислоҳотлар натижасида қамров даражаси йилдан йилга ортмоқда. Мутасадди идоралар томонидан ташкил этилаётган семинар ва давра суҳбатлари эса тарбиячиларнинг касбий маҳорати ошишига хизмат қиляпти. Шу каби тадбирлардан бири Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг режасига мувофиқ 27 февраль куни туманининг Юқори қишлоқ маҳалласида жойлашган 52-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб ўтди.
Семинарда бўлим бош методисти Ҳулкар Бобожонова, 52-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Инобатхон Тажибоева, директор ўринбосари Шаҳло Ўрозбоева ҳамда ушбу муассасанинг тарбиячилари иштирок этишди. Шунингдек, Қиличбой овулидаги мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ва тарбиячилари ҳам семинарга таклиф қилинди.
Семинарнинг асосий мақсади – болаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим жараёнини янада самарали ташкил этиш йўлларини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Бундан ташқари, тарбиячиларга давлат талаблари ва давлат ўқув дастурига асосланган янги методикалар бўйича ҳам амалий кўникмалар берилди.
Семинар доирасида 52-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 4 та гуруҳида очиқ машғулотлар ўтказилиб, тарбиячилар “Китоб билан дўстлашамиз” мавзусида интерактив дарслар олиб боришди.
Машғулотлар жараёнида кичик гуруҳ тарбиячиси Гулбодом Қурбонбоева томонидан болаларга китоб ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди ва мавзуни ўзида акс эттирган видеороликлар намойиш қилинди. Ўрта гуруҳ тарбиячиси Севара Туловбоева кўргазмали қуроллар ёрдамида болаларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириб, шеър, топишмоқ ва мақоллар орқали мавзуни бойитди. Катта гуруҳ тарбиячиси Муаззам Давлатбоеванинг машғулотлари ҳам инновацион услубларда олиб борилди, жумладан, болажонлар учун қизиқарли видеолавҳалар намойиш қилиниб, диққатни жалб қилувчи тарбиявий материаллардан фойдаланилди. Тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Турсуной Халиллаева ҳам мавзуни болалар учун қизиқарли тарзда ёритди.
Ушбу машғулотларда болаларнинг жисмоний, нутқий ва билиш жараёнларини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий-эмоционал ҳамда ижодий қобилиятларини шакллантиришга алоҳида урғу берилди. Тажриба алмашиш имконияти нафақат тарбиячиларнинг касбий маҳоратини оширишга, балки таълим жараёнини янада самарали ташкил этишга хизмат қилди.
Семинарнинг муҳим жиҳатларидан бири миллий қадриятларни тарғиб этишга қаратилган ташаббус бўлди. Машғулотларда 52-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва тарбияланувчилари миллий атлас ва адрас либосларда иштирок этишди. Бундан кўзланган мақсад эса болаларни миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашдир.
Семинар якунида иштирокчилар ўз тажрибалари асосида фикр-мулоҳазалар алмашди. Кузатувчилар томонидан тарбиячиларнинг педагогик маҳорати, машғулотларда қўлланган самарали усул ва воситалар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчилари бу каби семинарлар тарбиячилар учун қимматли тажриба майдони бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Маълумот ўрнида: мазкур муассаса 2023 йил март ойида иш бошлаган бўлиб, муассаса биноси 120 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда тўртта гуруҳда 30 нафардан тарбияланувчи таълим олмоқда.
Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг режасига мувофиқ ташкил этилган ушбу семинар болаларнинг таълим-тарбиясини юксалтиришда янги методик ёндашувларни қўллаш, замонавий технологиялар ва миллий қадриятларни уйғунлаштириш борасида муҳим тажриба мактаби бўлди.
Инобатхон Тажибоева, 52-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶