“Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида “Ватанпарварлик” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди
Ҳарбий-спорт мусобақалари орқали ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмоний ва ақлий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Ватанпарварлик” ҳарбий-спорт мусобақалари анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Бу мусобақалар нафақат ёшларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш, балки уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини кучайтиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Иштирокчилар машғулотлар орқали бирдамлик, масъулият ва фидойилик каби фазилатларни шакллантириш имконига эга бўладилар.
Яқинда Амударё туманининг Дўстлик маҳалласидаги болалар ва ўсмирлар марказий ўйингоҳида “Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида “Ватанпарварлик” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 6 жамоа ғолиблик учун беллашди.
Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Баҳодир Ерназаров очиб, иштирокчиларга муваффақият тилади. Тадбирда туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор Шуҳрат Маматов ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти ва бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Мусобақа Низомда белгиланган шартлар асосида ташкил этилди. Дастлаб, жамоалар саф юриш ва ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлари ижросини намойиш қилди. Бўлажак ҳарбийлар шахдам қадам ташлаб, биргаликда ижро этган қўшиқлари орқали интизом ва жамоавий ҳаракат қилиш маҳоратларини намойиш этишди.
Кейинги синов – ҳарбийлаштирилган эстафетада жамоалар тезкорлик ва тайёргарлик даражасини синовдан ўтказишди. Иштирокчилар ҳарбий қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, газга қарши ниқоб кийиш ҳамда белгиланган юкни кўтариб югуриш каби вазифаларни бажариб, жисмоний чаққонлик ва тактик кўникмаларини намоён қилишди.
Бундан ташқари, мусобақа давомида ёшлар жанговар вазиятларда тез ва аниқ қарор қабул қилиш, жисмоний мустаҳкамликни сақлаш ва стресс ҳолатида самарали ҳаракат қилиш кўникмаларига ҳам эга бўлишди. Бу каби машғулотлар уларнинг келажакда турли синовларга тайёр туришларига хизмат қилади.
Шундан сўнг, стадион бўйлаб югуриш шартига навбат берилди. Белгиланган масофани тўхтовсиз босиб ўтиш талаб этилган бу синов ёшларнинг чидамлилиги, тезлиги ва жисмоний бардошини синовдан ўтказди.
Якуний беллашув — арқон тортиш шартида жамоалар куч, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч асосида ғолиблик учун курашди. Бу синов иштирокчиларнинг жамоавий ҳамкорлик ва руҳий мустаҳкамлик кўникмаларини оширишга хизмат қилди.
Мусобақа якунида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Туман босқичида 1-ўринни қўлга киритган жамоа кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. “Ватанпарварлик” ҳарбий-спорт мусобақалари ёшларни жисмоний чиниқтириш, ҳарбий касбга қизиқишни кучайтириш ва ватан ҳимоячиси сифатида масъулиятини ҳис этишига муҳим ҳисса қўшди.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶