9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Мумтоз наволар” номли концерт дастури бўлиб ўтди
Санъат — халқ қалбининг теран қатламларидан сув ичган ҳолда, унинг орзу-умидлари, миллий қадриятлари ва турмуш тарзини ўзида акс эттирадиган бетакрор ҳодисадир. Айниқса, мусиқа инсон туйғуларини энг самимий ва таъсирчан тарзда ифода этадиган санъат туридир. Миллий мусиқа эса авлоддан авлодга ўтувчи маънавий бойлик, халқ қалбини юксалтирувчи руҳий манба ҳисобланади. Шу маънода, санъат ва мусиқа тарбияси таълим тизимида алоҳида ўрин тутади ва ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғурур руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда Амударё туманидаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида жорий ўқув йили якунланиши муносабати билан “Мумтоз наволар” номли синф концерти бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мактабнинг анъанавий хонандалик йўналиши ўқитувчиси Сайфулла Гулманов ташаббуси билан ташкил этилди. Концерт нафақат ўқувчиларнинг бир йил давомида олган билим ва кўникмаларини намоён этиш, балки миллий мусиқа меросини кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Давлат консерваториясининг Нукус филиалида мақом тарихи фанидан дарс берувчи Муяссар Мадаминова, туман Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ислом Маткаримов, фахрий устозлар, мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Дастур давомида миллий Хоразм мақомлари, шашмақомнинг ўзига хос намуналари ҳамда ўзбек халқ бастакорларининг асарлари жонли ижро этилди. Ҳар бир куйда халқимиз маданияти, ўзига хос завқи ва руҳияти акс этди. Сайфулла Гулманов томонидан маҳорат билан ижро этилган яккахон қўшиқлар эса концертга алоҳида файз бағишлади. Унинг ижросидаги қўшиқлар тингловчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Концерт давомида ўқувчиларнинг мусиқага бўлган ижодий салоҳияти, саҳна маданияти ва маҳоратлари яққол намоён бўлди. Бу эса устоз ва шогирд ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида қўлга киритилган муваффақиятнинг ёрқин далилидир.
Сайфулла Гулманов 2009 йилда Матюсуп Хорратов номидаги Урганч мусиқа ва санъат коллежини анъанавий хонандалик йўналиши бўйича тамомлаб, шу йилдан бошлаб Амударё туманидаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида меҳнат фаолиятини бошлаган. У ўз педагогик фаолияти давомида Республика миқёсидаги қатор мусиқий кўрик-танловларда, жумладан, Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги кўрик-танлов ва “Ёшлар овози” каби лойиҳаларда ўқувчилари билан фаол иштирок этиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.
Ҳозирги кунда мактабда 11 та йўналиш бўйича 200 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ушбу даргоҳда улар нафақат мусиқа ва санъат билимларини, балки инсонпарварлик, Ватанга муҳаббат ва миллий ифтихор туйғуларини ҳам ўз қалбларига сингдириб боришмоқда.
Миллий мусиқага бўлган муҳаббатни ёш авлод қалбига сингдириш, уларни миллийлик руҳида тарбиялашда Сайфулла Гулмановнинг фидокорона меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. Унинг саъй-ҳаракатлари Амударё туман ҳокимлиги ҳамда туман Маданият бўлими томонидан Ташаккурномалар билан тақдирланди.
Мусиқий тарбия — бу фақатгина куй-қўшиқ ўргатиш эмас, балки маънавий юксалиш, миллий ўзлигимизни англаш ва қалбда халқ меросини юксалтиришнинг муҳим йўлидир. “Мумтоз наволар” номли концерт дастури ҳам ёшларда миллий мусиқага муҳаббат уйғотиб, ижодий изланишларга илҳом бағишлади.
Нигора Усмонова, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директорининг ўқув-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶