12.11.2026
Тил Öz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
12.11.2026, 23:59
Жамият 👁 383

ҲАЁТ ҚАДРИ

ҲАЁТ ҚАДРИ

Болалигимизда ҳали жуда кексаймасалар-да ҳассага, қўлтиқтаёқларга таянган амакилар кўп бўларди. Улар орасида бир оёғи, қўли ёки иккала оёғи йўқлари, ҳатто кўзлари ожизлари ҳам бор эди. Лекин ана шу майиб-мажруҳ инсонлар ҳеч қачон нолимас, киндик қони томган азиз Ватанларига қайтиб, яқинлари дийдорларига мушарраф бўлганларидан мамнун яшардилар. Биз болалар учун уларнинг ҳикоялари, инсонларни эзгуликка даъват этувчи шукроналарга тўла суҳбатлари, меҳр балқиб турган ширин муомалалари қалбларимизда улардай жасоратли ва матонатли бўлишга мойиллик уйғотарди.

9 май – фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалаба ҳақида сўзлаганларида юзлари нурланиб, кўзлари чақнаб кетар, Иккинчи Жаҳон урушини қўзғаганларни лаънатлаб, жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган қуролдошларини ўтли соғинч билан ёдга олишарди. Назаримда улар жуда ҳаётсевар инсонлар эдилар.

Урушнинг оғир асоратлари, жароҳатлари билан яшаб ўтган чойкўллик Чоршам бобо Сийтаков, Собир бобо Шомуродов, Дўсман бобо Худойберганов, Тўра бобо Давлетов, Йўлдош бобо Пирниёзов, манғитлик Собир бобо Алламберганов, Йўлдош Файзуллаев, Жумамурод Чоршамов, Йўлдош Қурбонов, Жумамурод Ражабов, қиличбойлик Ҳайитбой Омонов, Ражаб Бобожонов... Яқин-яқинларгача улар кўпчилик эдилар.

Уруш даҳшатларини, оғир асоратларини метин иродалари билан енгиб, умрининг ҳар бир дақиқасига шукроналар айтиб яшаган бу инсонларнинг босиб ўтган умр йўллари ҳар биримиз учун том маънода мардлик, матонат ва жасорат, ватанпарварликнинг буюк тимсоли сифатида азиз ва табаррук. Шунинг учун ҳам табаррукки, биз, бугунги авлод вакиллари ана шу фидойи инсонлар умрларининг жанговар саҳифалари билан танишиш орқали Аллоҳ томонидан ҳадя этилган ҳаёт қадр-қимматини, яшаш гаштини тўлақонли идрок этишни ўргандик. Зиддиятларга тўла дунёда ҳаётдан, саломатлик ва инсонлараро меҳр-оқибатдан ҳам улуғроқ неъмат йўқлигини англаб етдик.

Она Юрт тинчлиги, халқлар, миллатлар бирдамлиги учун ўзларининг ёшлигини, ҳатто жонларини фидо қилиб яшаган Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчилари бўлган, кечагина биз билан бир ҳаводан нафас олиб, мажруҳ вужудлар ва мажруҳ қалблари билан ҳаётга интилиб, ҳаёт қадрини ошириб яшаган боболаримиз бугун орамизда йўқ. Улардан бугун бизга жанговар хотиралар, суратларга муҳрланган нурли қиёфалар, уларни соғиниб, қўмсаб яшаётган авлодлар, тинч ва осуда Ватан қолди...

Манғит шаҳрининг А.Навоий номли маҳалласида миллатлар, халқлар дўстлигидан остонаси мунаввар, бири-биридан билимдон, ҳалол ва меҳнатсевар фарзандлар камолидан эл-юртга нур таратган камтаргина, баҳаво бир хонадон бор. Гарчи хонадон соҳиби бу ёруғ оламдан ўтиб кетганига анча вақт бўлса-да, бу сўлим гўшани манғитликлар ҳамон алоҳида эҳтиром билан: “Жумамурод паспортстолнинг хонадони” деб аташади.

Иккинчи жаҳон уруши ишти­рокчиси, урушдан ке­йин­ги бутун ҳаётини халқ осойишталигини сақлашдек сермашаққат касбга бағиш­лаб яшаган Жумамурод ота Ражабов, ҳаётликларида бир сўзли, чўрткесар, ўз вазифасига нисбатан ниҳоятда фидойи ва ҳалол, қатъиятли бу инсон билан кўп бора мулоқотда бўлганим боисидан ҳар гал отахоннинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни – фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалаба билан боғлиқ хотиралари ёдимга тушади.

Жумамурод Ражабов 1942 йилнинг ноябрида, 40-ўқчилар полки сафида, миномётчи сифатида қўлига илк қурол олиб, урушга кирганида эндигина 18 ёшга тўлган нав­қирон йигит эди. Кўз ўнгида хўрланаётган бегуноҳ аёллар, ёниб, култепага айланган қишлоқлар, бемаврид етим қолиб, мамлакатнинг турли тарафларига тўз-тўз бўлиб кетган болалар, эвакуация эшелонлари ортидан мажолсиз қўл силкитиб қолаётган қариялар, душман ўқидан ҳалок бўлган қуролдош дўстлари ҳақида сўзлаганларида отахоннинг овозлари титраб кетарди:

– Вайронкор урушнинг ҳар бир лаҳзаси инсоният бошига бало-қазо ёғдирарди. Фашизмнинг даҳшатли жиноятларини дунё ҳеч қачон кечирмайди, бу даҳшатлар ҳақида сўзлаш жуда оғир, шунинг учун ҳам мен бир неча марта яралансам-да, қайта-қайта жанг майдонига қайтдим. Ўзимга-ўзим сўз бердим: “токи қўлимда қурол тутгудай ҳолим бор экан, фашист зотини ўз уйида янчмагунча ортга қайтмайман!” – деб...

Жумамурод Ражабовнинг ниятини Аллоҳ қўлладими, у ҳақиқатдан ҳам Ғалаба онларини Германия тупроғида кутиб олди. Бунгача у матонатли миномётчи сифатида Москва остонасидаги аёвсиз жангларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатди. Тарихга “Курск ёйи” номи билан кирган фронт окопларида душманга қарши аёвсиз жангларда иштирок этди.

Ўзи айтганидай, бир неча марта қўлидан, оёғидан оғир яраланган Жумамурод Ражабов маълум муддат даволангач, яна ва яна жанг майдонига қайтди. Жанглардаги мардлиги ва мислсиз жасорати туфайли Олий Бош Қўмондонлик томонидан 1- ва 2-даражали Ватан уруши орденлари, 1-2-3-даражали “Мукаммал хизматлари учун” медаллари ва кўплаб жанговар медаллар билан мукофотланди.

18 ёшида жангга кирган навқирон йигит 25 ёшигача, 1947 йилга қадар уруш туфайли вайронага айланган шаҳар ва қишлоқларни тиклаш, қайта қуриш ишларида иштирок этди. Она шаҳри Манғитга қайтгач, аввал ўша пайтдаги Хоразм вилояти Манғит туман ФҲДЁ бўлими бошлиғи, ке­йинчалик мазкур туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Амударё туман ИИБ паспорт бўлими бошлиғи, туман ИИБ қўриқлаш бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борди.

Ҳаётининг бир нурли кунида у уруш туфайли Ўзбекис­тонга Қозон шаҳридан эвакуация қилинган Дания Сайфутдинова исмли татар миллатига мансуб қиз билан учрашди ва ниҳоятда оқила, гўзал Дания билан турмуш қуришди. Ўзаро аҳил ва бахт­ли бу никоҳ туфайли Аллоҳ Жумамурод Ражабов билан Дания Сайфутдиновага бири-биридан ширин 10 нафар ўғил-қизни ато этди.

Касби ўқитувчи бўлган "Қаҳ­рамон она" Дания Фаттаҳовна тумандаги 1-сонли мактабда ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бирга ўз фарзандларини ҳам умр йўлдоши билан биргаликда эл-юртга муносиб инсонлар сифатида тарбия­лаб, вояга етказди. Бугунги кунда бу оиладан катта ҳаётга учирма бўлган 10 фарзанд, 31 невара, 74 чевара, 5 нафар эвараларнинг барчаси элда обрў-эъти­борли шифокор, ўқитувчи, давлат ва жамоат хизмати фидойилари.

– 9 май, Ғалаба, Хотира ва қадрлаш куни атамалари мен учун жуда азиз ва қадр­ли, – дейди Жумамурод Ражабовнинг суюкли қизи, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, таълим ва маҳалла фахрийси Зебо Ражабова. – Биз фарзанд­лар учун отамнинг ҳаёти ҳақиқий ибрат мактаби эди. Биз отамдан аввало ҳалоллик, оилапарварлик, Ватанпарварлик ва меҳнатсеварликни мерос қилиб олдик. Унинг бутун ҳаёти барчамиз учун чин маънодаги ибрат ва тобланиш мактаби вазифасини ўтади ва доимо шундай бўлиб қолади. Ҳар гал Тошкент шаҳрига борганимда Мустақиллик майдонидаги Хотира китобининг Қорақалпоғистон бўлимида отамнинг номи ёзилган саҳифаларини қалбимда фахр-у ифтихор билан ўқийман.

Суратда: Жумамурод Ражабов (пастки қаторда ўнгдан биринчи) қуролдош дўстлари ва ҚР ИИВ фаоллари билан.

Жамиятимизда шундай оилалар бор: арзимаган сабаб­лар билан жигарбандлар бири-бирига тош отиб яшашади, пул, бойлик ортидан қувиб, ҳаёт деб аталмиш гўзал хилқатнинг қадрини моддиятлар билан ўлчашга интилишади. Жумамурод отанинг ортида чироғини ёқиб қолган авлодлари эса тамоман бошқача – оталари босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўлларидан маъно-мазмунлар топиб, эл-юртга қайи­шиб, меҳр нурларини улашиб яшайдилар. Чунки улар адолат ва халқлар озодлиги учун жанггоҳларда қон кечиб, ҳаёт қадрини бошида баланд тутиб, Ватан, халқ осойишталиги учун умрини бахшида этиб яшаган фидойи инсонларнинг авлодлари!

Азизлар, атрофингизга боқинг: ҳаёт нақадар гўзал, инсонларнинг чеҳралари гулгун. Ана шу гўзаллик ва тўкисликни бунёд этишда фидойилик қилган, тинчлик учун жонларини тиккан, Иккинчи Жаҳон урушида мисл­сиз қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз, улар қаторида манғитлик “Жумамурод паспортстол” билан кечагина бир ҳаводан нафас олиб яшаганимиз, ана шу фидойи инсон суҳбатларидан баҳраманд бўлганимиз ҳам биз учун ибрат.

Биз уруш кўрмадик, уруш кўрганларни кўрдик, уларнинг чеккан азоб-уқубатларига шерик бўлдик ва... ҳаёт қадрини юракдан идрок этишни ўргандик. Бугун эса ана шу фидойи инсонларнинг фарзандлари, авлодлари билан осо­йишта, тинч замон нафасини ҳис этиб яшаш бахтига мушаррафмиз. Илоҳим, Ватанда тинч­лик неъмати мангу, осойишта, нурли ҳаёт қа­д­ри ҳамиша баланд бўлсин!

Робия ЙЎЛДОШЕВА

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди ▶ Ўрта қалъа овулида хотин-қизлар билан профилактик учрашув ўтказилди 12.11.2026 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди ▶ 65-сонли мактабнинг янги биноси фойдаланишга топширилди 11.11.2026 Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ▶ Амударё туманида кузги шудгорлаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда 10.11.2026 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди ▶ 45-сонли боғчада «Жажжи экологлар» амалий семинари бўлиб ўтди 10.11.2026 Аҳоли саломатлиги — олий қадрият ▶ Аҳоли саломатлиги — олий қадрият 09.11.2026 Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди ▶ Амударё туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилди 09.11.2026 Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди ▶ Жисмоний тайёргарликдан ўтган чақирилувчилар ҳарбий қисм вакиллари билан суҳбатлашди 09.11.2026 Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир ▶ Қўриқлаш хизмати — аҳоли осойишталиги ва мулк дахлсизлигининг кафолатидир 06.11.2026 АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА ▶ АМУДАРЁДА “ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА 06.11.2026 Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди ▶ Боғча тарбияланувчилари учун экологик тарбия методикалари намойиш этилди 05.11.2026 Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди ▶ Амударё туманида ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами кенг нишонланди 05.11.2026 Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ▶ Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди 05.11.2026 Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади ▶ Олис овуллардаги мактабларда «Китобхон ёшлар» клублари ташкил этилади 04.11.2026 Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди ▶ Йўлларнинг қиш мавсумига тайёрлиги жойида ўрганилди 04.11.2026 Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди ▶ Амударё туманида ҳарбий прокуратура сайёр қабули ва меҳнат ярмаркаси ўтказилди 04.11.2026 Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади ▶ Амударё туманида кузги мавсумда 829 минг кўчат экилади 03.11.2026 Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди ▶ Амударё туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди 02.11.2026 ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ ▶ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ КУРСЛАРИ ЯКУНЛАНИБ, СЕРТИФИКАТЛАР ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ 02.11.2026 Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди ▶ Қонунчиликдаги аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар тушунтирилди 31.10.2026 Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда ▶ Аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасидаги камчиликлар бартараф этилмоқда 31.10.2026 Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди ▶ Жажжи экологлар табиатни асраш бўйича дастлабки тушунчаларга эга бўлишди 31.10.2026 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди ▶ 10 ой давомида Қорақалпоғистон бўйича 39 та ҳолатда ичимлик суви кўрсаткичлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди 30.10.2026 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди ▶ 1-сонли мактабда Ўзбек тили байрами нишонланди 26.10.2026 «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди ▶ «Сен истеъдодлисан» кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди 20.10.2026 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда ▶ 9 ёшли болалар папиллома вирусига қарши эмланмоқда 20.10.2026 Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди ▶ Фанлар олимпиадасининг туман босқичи бошланди 19.10.2026 Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди ▶ Амударё туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби “Жасорат синфи” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш тадбири ўтказилди 16.10.2026 Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда ▶ Томорқалардан самарали фойдаланиш аҳоли даромадини оширмоқда 13.10.2026 Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди ▶ Амударёда ёшларнинг касбий таълими ва бандлиги масалалари ўрганилди 13.10.2026 Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди ▶ Спорт лигаси туман босқичида техникум ўқувчилари ғолиблари аниқланди 12.10.2026