ҲАР БИР СЎЗИ ИБРАТ
Одатдагидек пешин маҳал ишдан қайтаётгандим. Мен кесиб ўтадиган кўча бошида беш-олти ёшлар чамасидаги икки бола жанжаллашишарди:
- Нега итариб юбординг? – йиғламоқдан бери бўлиб ҳезланарди бири иккинчисига.
- Мен итармадим, ўзинг менга урилиб кетдинг, - дерди иккинчиси.
- Йўқ, итардинг...
Болаларни таниганим учун овутиш мақсадида қадамимни тезлатдим. Шунда қарама-қарши тарафдан келаётган бобо:
- Ҳа, жўжахўрозлар, нима бўл-ди? – деди қўлидаги сумкасини ерга қўйиб, болакайларга.
Болалар бири-бирига гал бер-май ўзларини оқлашга уринишарди.
- Кимнинг қизларисиз? – деди бобо икковининг елкасига иккала қўлини қўйиб кулимсираганича.
Болаларга бу гап оғирроқ ботиб, жим қолишди. Бобо саволини яна такрорлагач, улардан бири:
- Мен - ўғилман, - деди писанда билан.
- Сен-чи?
- Менам ўғил боламан, - бармоғини лабларига босганича секингина жавоб берди иккинчиси.
- Шунда нега урушаяпсизлар?
Болалар ҳайрон бўлиб бобога қарашди.
- Ўғил болалар бундай аразчи бўлмайди. Бири йиқилса, бири турғазиб қўяди, қоқилиб кетса, кечириб юбораверади. Билдингларми?
Болалар бош ирғашди. Уларнинг ёнидан ўтиб кетарканман, бир зумда болаларни ҳовуридан тушириб қўйган бобонинг тадбирига тан бердим.
- Ажойиб кексаларимиз бор-да, - дейман ўзимга-ўзим. – Улар нафақат ўз хонадонига, балки, бутун юртимизга файз беради. Ҳалиги бобо шугина аралашуви билан икки мурғак болакайнинг кўнглига йигитлик ғурури, орияти уруғини экиб кетди. Ҳар бир сўзи халқимизнинг ўзига хос одамийлигидан сабоқ берувчи кексаларимиз омон бўлишсин!
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶