Куюк кўпирда сайёр қабул самарали ечимлар билан якунланди
Аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш, уларни жойида тинглаш ва тезкор ечимлар топиш мақсадида Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметовнинг фуқаролар мурожаатлари юзасидан навбатдаги сайёр қабули Куюк кўпир овулида бўлиб ўтди.
Мазкур очиқ мулоқотда туман ҳокими ўринбосари Нодирбек Камолов, халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, ташкилот ва бўлимлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар, шунингдек, Куюк кўпир овули ва Бўзёп маҳалласи аҳоли вакиллари фаол иштирок этди.
Сайёр қабул Куюк кўпир ОФЙ биносида ташкил этилиб, унда туман ҳокими сўзга чиқиб, жорий йил мобайнида туманда барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси йил учун белгиланган устувор мақсад ва режалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Айниқса, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида ва манзилли ёндашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлиги алоҳида таъкидланди.
Қабул жараёнида фуқаролардан турли йўналишларда мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, фарзандининг олий таълим муассасасида ўқишини давом эттириши учун шартнома тўловида амалий ёрдам бериш, кўча йўлларига шағал ва тош ётқизиш, моддий ёрдам олишга кўмаклашиш, электр энергияси кучланиши пастлиги сабабли трансформаторни алмаштириш, ногиронлиги бўлган яқинига қаровчи бириктириб бериш, ишга жойлашиш, кўмир маҳсулотларини харид қилишда ёрдам бериш каби масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар томонидан қуёш панелларини ўрнатишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ички кўчаларга тош ётқизиш масалалари кўтарилди. Таълим соҳаси бўйича эса 14-сонли умумтаълим мактабига спорт зали қуриб бериш, 19-сонли умумтаълим мактабига қўшимча бино барпо этиш, шунингдек, ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш таклиф ва мурожаатлари илгари сурилди.
Сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича ўрганилиб, айрим масалалар жойида ҳал этилди. Қўшимча вақт ва маблағ талаб этадиган мурожаатлар бўйича эса аниқ ижро муддати белгиланди ҳамда масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли ва раҳбарлар ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, энг муҳими, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶