14-сонли мактабда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” номли бадиий-адабий кеча бўлиб ўтди
Мамлакатимизда тинчлик, тотувлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари ҳамда анъаналарига нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш масаласига доимий равишда эътибор қаратилади. Бундай эзгу мақсадларнинг амалдаги ёрқин ифодасини таълим муассасаларида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар ва ижодий учрашувлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, Амударё туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” номли адабий кеча ҳам айнан шундай юксак ғояларни ўзида мужассам этди.
Тадбир мактабнинг фидойи педагоглари, хусусан, қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Майра Умирбаева, Гульнура Қутимова ҳамда Мурод Турамуратовларнинг ташаббуси ва ташкилотчилиги асосида юқори савияда тайёрланди. Кечанинг ҳар бир лаҳзаси ёшларнинг қалбида ватанпарварлик, дўстлик ва бағрикенглик туйғуларини жўш урдиришга хизмат қилди.
Тадбирни мактабнинг 11-“А” синф ўқувчилари Нурсаят Бисенбаев ва Гүлжайна Тухтасиновалар олиб бордилар. Уларнинг саҳнадаги эркин ҳаракатлари ва сўзга чечанлиги томошабинлар эътиборини ўзига тортди. Шу билан бирга, мактаб қошида фаолият юритиб келаётган “Тилашар” номли ижодий тўгаракнинг иқтидорли ўқувчилари ҳам мазкур бадиий кечада фаол иштирок этиб, ўзларининг қанчалик қобилиятли эканликларини намойиш қилдилар.
Адабий кеча дастури жуда хилма-хил ва ранг-баранг чиқишларга бой бўлди. Айниқса, 11-синф ўқувчилари томонидан маҳорат билан ижро этилган “Дўстлик” номли саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди ва барчага манзур бўлди. Ушбу саҳна кўринишида юртимизда тинч-тотув ҳаёт кечираётган турли хил миллат вакилларининг қиёфалари гавдалантирилиб, уларнинг ҳар бири ўз тилларида самимий табрикларини, эзгу тилакларини баён этдилар. Бу манзара гўёки кўп миллатли Ўзбекистоннинг кичик бир моделини саҳнада акс эттиргандек таассурот қолдирди.
Тадбирнинг мусиқий қисмида эса 11-синф ўқувчилари томонидан қозоқча қўшиқлар маҳорат билан куйланиб, барчага хуш кайфият улашилди. Шунингдек, 7- ва 8-синфларнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан чин дўстлик, ўзаро меҳр-оқибат ва миллатлараро бағрикенглик туйғулари мадҳ этилган таъсирчан шеърлар ифодали ўқиб эшиттирилди.
Тадбирнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири сифатида мактабнинг 6- ва 9-синф қизлари томонидан маҳорат билан ижро этилган жозибадор қозоқ миллий рақсларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Миллий либослардаги нафис ҳаракатлар, куй ва оҳанг уйғунлиги томошабинларга унутилмас эстетик завқ бағишлади.
Ушбу маънавий-маърифий тадбир нафақат ўқувчилар, балки устозларнинг ҳам диққат марказида бўлди. Кечада мактабнинг тажрибали педагоглари, жумладан, тарих фани ўқитувчиси Маҳбуба Қўчқорова, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Дилфуза Гаипова ва Дилнора Сафарбаева, шунингдек, тарбия фани ўқитувчиси Гулистон Палвановалар меҳмон сифатида қатнашдилар. Улар тадбир сўнгида сўзга чиқиб, йиғилганларни ва кеча ташкилотчиларини ушбу муваффақиятли лойиҳа билан самимий муборакбод этдилар ҳамда ўзларининг энг эзгу қутловларини билдирдилар.
Бундай адабий кечалар ўсиб келаётган ёш авлод онгида бағрикенглик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган теран ғоя атрофида бирлашган ёшлар келажакда юртимизнинг янада тараққий этишига, халқларимиз орасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари шубҳасиздир. Зеро, аҳил ва бирдам бўлган жамиятдагина тинчлик барқарор бўлади, муштарак мақсадлар сари ташланган қадамлар эса доимо ўзининг ижобий мевасини беради.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶