Тош Ёп овулидаги «Зебо» МТТда “Меҳржон” байрами нишонланди
Инсон дунёқараши, қадриятларга муносабати ва атрофдаги оламни идрок этиш кўникмалари асосан илк болалик йилларида шаклланади. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларни боғча таълими билан тўлиқ қамраб олиш ва бу жараёнга хусусий секторни кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган мактабгача таълим ташкилотлари нафақат шаҳарларда, балки чекка овул ва маҳаллаларда ҳам болаларнинг сифатли таълим-тарбия олишига кенг имконият яратмоқда. Бундай муассасаларда машғулотлар билан бир қаторда миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдиришга қаратилган байрам тадбирларига ҳам алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас.
Амударё туманининг Тош Ёп овулида жойлашган «Зебо» давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ана шундай муассасалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда боғчада 120 нафар тарбияланувчи 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда таълим-тарбия олмоқда, улар билан эса малакали тарбиячилар фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, ташкилотда болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини эрта аниқлаш ҳамда ривожлантириш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, ментал арифметика, рус тили ва инглиз тили тўгаракларида болалар мантиқий фикрлаш ва тил ўрганиш кўникмаларини эгалласа, гимнастика ва карате машғулотлари уларнинг жисмонан соғлом ва чаққон бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.
Яқинда боғчада «Меҳржон» байрами муносабати билан болажонлар иштирокида махсус тадбир ташкил этилди. Қадимдан ҳосил байрами номи билан нишонлаб келинаётган ушбу сана деҳқоннинг йил бўйи тортган машаққатли меҳнати самарасини улуғлаш, ризқ-рўзга шукрона келтириш ва табиат саховатини қадрлаш рамзи сифатида халқимиз орасида алоҳида ўрин тутади.
Ташкилот жамоаси маълумотига кўра, тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад болаларда табиатга муҳаббат уйғотиш, юртимизнинг бебаҳо неъматларини қадрлашга ўргатиш ҳамда деҳқон меҳнатининг моҳиятини англатишдан иборат. Ёш авлод дастурхонга келаётган ҳар бир нон ва мева ортида қанчалик меҳнат ётганини эрта англаса, келажакда неъматга ҳам, меҳнатга ҳам ҳурмат билан қарайди.
Байрам дастури болаларга яқин ва тушунарли бўлган саҳна кўринишлари асосида қурилди. Жумладан, кичкинтойлар Куз ва Она табиат образлари орқали табиатга меҳр ва муҳаббат билан муносабатда бўлиш, унинг бойликларини асраб-авайлаш зарурлигини ўйин орқали ўргандилар, бу эса мавзуни уларга қуруқ панд-насиҳатсиз, табиий ва қизиқарли тарзда етказиш имконини берди.
Тадбир давомида болажонлар томонидан тайёрланган она табиат, дўстлик ва меҳр-оқибат ҳақидаги шеърлар ўқилди, куй-қўшиқлар янгради. Шунингдек, кичкинтойлар ўзлари пухта машқ қилган рақсларни ижро этиб, тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашдилар ва ўзлаштирган билимларини саҳнада намойиш қилдилар.
Айтиш жоизки, бундай байрам тадбирлари болаларнинг нутқи, хотираси ва саҳнада ўзини эркин тутиш кўникмаларини ривожлантириш билан бирга, уларда жамоада ишлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳиссини ҳам шакллантиради. Энг муҳими, миллий қадриятлар китобдаги қуруқ тушунча эмас, балки болалар ўзлари иштирок этган қувончли воқеа сифатида хотирада муҳрланиб қолади.
Табиатни севиб, деҳқон меҳнатини эъзозлашни боғча ёшидан ўрганган бола эртага она заминга масъулият билан қарайдиган, ҳар бир неъматнинг қадрига етадиган инсон бўлиб улғаяди. Шу маънода, болалар қалбига эрта экилган меҳр уруғи вақти келиб юрт равнақига хизмат қиладиган эзгу ҳосилга айланиши шубҳасиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶