Автомобиль ювиш шохобчаларида тарғибот ишлари олиб борилди
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бугун фақат йўл-патруль хизмати ходимларининг зиммасидаги вазифа эмас. У транспорт соҳасига дахлдор барча тармоқлар ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулиятига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика ишларига устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам айнан шу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб борилаётган тарғибот тадбирлари эса йўлларда тартиб ва хотиржамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Амударё туманида «Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбири доирасида автомобиль ювиш шохобчалари ҳамда техник хизмат кўрсатиш устахоналарида тарғибот-тушунтириш ишлари амалга оширилди. Тадбир давомида туман марказидаги шохобча ва устахона қамраб олиниб, уларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари билан юзма-юз мулоқот қилинди.
Мулоқот чоғида хизмат кўрсатиш учун олиб келинган транспорт воситаларини кўздан кечиришда ҳушёр бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, автомашина салонида ёки сиртида шубҳали қон излари ёхуд келиб чиқиши номаълум бўлган жиддий шикастланиш белгилари кўзга ташланса, дарҳол ҳолатга аниқлик киритиш ҳамда бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериш лозимлиги тушунтирилди.
Бундай эътибор ва ҳушёрлик кўплаб қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, ювиш шохобчалари ва устахона ходимлари транспорт воситасининг ҳолатини энг яқиндан кўрадиган мутахассислар бўлиб, улар сезган арзимас белги ҳам баъзан муҳим ҳолатга ойдинлик киритишда асқотиши мумкин.
Шунингдек, тадбир давомида фуқаролар ва ҳайдовчилар билан ҳам мулоқотлар бўлиб ўтди. Уларга йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, транспорт воситаларини техник соз ҳолатда сақлаш, ҳаракатланиш жараёнида эҳтиёткорликни ошириш ҳамда белгиланган хавфсизлик талабларига амал қилиш нақадар муҳим экани юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш мақсадида фуқароларга мавзуга оид эслатмалар тарқатилди. Бу каби тарқатма материаллар қисқа ва тушунарли бўлгани боис, ҳайдовчилар учун кундалик фаолиятда қоидаларни ёдда тутишга кўмаклашадиган амалий қўлланма вазифасини ўтайди.
Бундай профилактик тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид тушунчаларни кенг тарғиб қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда йўлларда хавфсизликни таъминлашдан иборат. Хизмат кўрсатиш шохобчалари, ҳайдовчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамлашиб борган сари йўлларда юзага келадиган ҳар бир хавфли ҳолатга ўз вақтида муносабат билдириш имконияти ҳам кенгайиб бораверади. Бу эса пировардида инсон ҳаёти ва соғлиғини асраш каби энг олий мақсадга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶