МУОЛАЖАСИ ҲАМ, СЎЗИ ҲАМ ДАВО
Одам кексайгани сари соғлигида муаммолар пайдо бўлавераркан. Шундай дамларда, яхшиямки жонимизга оро кирадиган тажрибали шифокорларимиз бор.
Мен яқинда ошқозон ости бези касаллигига чалиниб, туман Тиббиёт бирлашмаси 1-терапия бўлимида ётиб даволандим. Аввал менга ўзимни қийнаб турган дарднинг давоси йўқдай туюлганди. Бироқ тўлиқ текширувлардан ўтиб, муолажа ола бошлагач, ҳадемай ўзимни яхши ҳис қила бошладим, оғриқлар пасайди.
Бўлим мудири Бекиммат Оллаберганов, даволовчи шифокор Отабек Халиллаев, ҳамшира қизлар Нилуфар Исмоилова, Мўътабар Тиловбоева, Феруза Шомуродоваларнинг ширин муомаласи, беморларнинг соғайиб кетиши учун елиб-югуриб хизмат қилишлари ҳам кўнглимни тоғдай юксалтирди.
Бўлимда ётиб даволанишим давомида шифокорларнинг турли касалликлардан сақланиш йўллари, соғлом яшашнинг аҳамияти ҳақидаги суҳбатларини тинглаб, соғ-саломат юришга кўнглимда интилиш кучайди. Уларнинг фаолиятини кузатар эканман, ҳазрат Алишер Навоийнинг:
Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами, – деган сатрлари хаёлимга келди.
Ҳа, халқимиз соғлиги йўлида малакали тиббий хизмат кўрсатаётган шифокорларимиз, ҳамшира қизларимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Бу фақат менинг эмас, бўлимда ётиб, даволаниб, соғлигини тиклаб, оиласига қайтаётган кўпчиликнинг фикри.
Мамлакатимизда фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати кун сайин ошаётгани, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш учун янгидан-янги жиҳозлар билан таъминланаётгани барча учун қувонарлидир. Ахир ота-боболаримиз: "иссиқ жон – иситмасиз бўлмас”, деб бекорга айтишмаган. Бахтимизга шундай дамларда дардимизга дармон бўладиган шифокорларимиз омон бўлишсин, қўллари дард кўрмасин!
Иброҳим ИСМОИЛОВ, халқ таълими фахрийси.
(Фото - http://www.uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶