ЧЕТ ЭЛДА ИШЛАШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ, УНДА БИЛИМИНГИЗНИ ОШИPИНГ!
Туманимиздан чет давлатларга чиқиб ишлаш ниятида бўлган ёшлар учун қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши томонидан 3 ойлик бепул ўқув тўгараклари ўз фаолиятини бошлади. Манғит иқтисодиёт коллежида ташкил этилган мазкур ўқув тўгаракларида хорижий давлатларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича пухта билим олиш имконияти мавжуд. Шунингдек, хорижий давлатларда ишлаш ниятидаги ёшлар бу ерда рус тили, инглиз тили, маънавий-маърифий ва диний таълим, ҳуқуқшунослик, меҳнат миграцияси тўгаракларида малакали мутахассислардан таълим оладилар.
- Ҳозирги кунда ўқув тўгаракларимизда 30 нафардан зиёд ёшлар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича таҳсил олишмоқда, - дейди Ёшлар Иттифоқи Амударё туман Кенгашининг тўгараклар иши бўйича мутахассиси Маҳмуджон Эшмонов. – Ёшларнинг ўзлари боришни ният қилган давлатлар қонунчилиги, тили ва дини, маънавияти ҳақидаги билимларга эга бўлиши, албатта, биринчи навбатда уларнинг одам савдоси ва ғоявий хуружлардан ҳимояланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Мақсадимиз, қаерда бўлмасин, туманимиз ёшларига ҳар қандай шароитда ёрдам бериш ва уларни маънавий қўллаб-қувватлаш.
Тўгаракларда ёшлар уч ой давомида 72 соатлик ўқув дастури асосида таҳсил оладилар ва ўқиш якуни бўйича уларга Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи томонидан махсус сертификат берилади.
Шунингдек, яқин кунлар ичида Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши қошида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳам шуғулланишлари, айниқса, хорижий тилларни ўрганишлари учун бепул тўгараклар иши йўлга қўйилиши режалаштирилиб, беш нафар мутахассис ўқитувчилар учун иш ўринлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Pобия ЙЎЛДОШЕВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶