БОЛА ПОК БЎЛИБ ТУҒИЛАДИ, УНИНГ ҚАЛБИГА ДОҒ ТУШИРМАЙЛИК!
Аслида гўдак дунёга пок бўлиб келади. Улғая бошлагач, оиладаги носоғлом турмуш тарзи, атрофидагиларнинг нотўғри муносабатлари, ё хулқи ёмон тенгқурларига қўшилиб қолиши унинг тарбияси қийин болалар гуруҳига кириб қолишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун ота-оналар фарзанди остона ҳатлаб кўчага ўйнагани ё бирон машғулот тури билан шуғулланиш учун кетаётганида унинг атрофида қандай ҳамроҳлари борлигига, албатта, қизиқишлари, хулқини мунтазам назорат қилиб боришлари, ҳар қандай ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги лозим.
Таълим масканлари тарбияси оғир болаларни муносиб хулқ-атворли қилиб қайта тарбиялашда муҳим роль ўйнайди. Хусусан, устозлари унга ҳам бошқа ўқувчилар қатори хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиши, синфдошлари билан орасида дўстона муносабат ўрнатишга интилиши, ижобий томонга ўзгаришига эришиши лозим.
Шундай тарбия амаллари борки, уларни самарали ташкил этиш, амалга ошириш ижобий натижаларга олиб келади.
Изланишлар ва кузатишлар хулосасига кўра, тарбия амалларини мақсад ва йўналишидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин.
Биринчи гуруҳга тарбиячининг тарбияланувчига мурожаат этиши орқали унинг шахсий эҳтиёжларини аниқлаш ёрдамида ташкил этиладиган амаллар киради.
Бунда ёрдам кўрсатишга эҳтиёж аниқланади ва тарбиячи тарбияланувчига маслаҳат маъносида мурожаат қилиб, ўз муаммолари ҳақида сўзлаб беришини сўрайди ва шу аснода муаммони ечиш йўлларини топади.
Яхши хатти-ҳаракатларга йўналиш бериш амалидан тарбияланувчиларга ёрдам зарур бўлганда фойдаланилади. Бунда ижобий ҳатти-ҳаракатларга алоҳида урғу берилади.
Ҳаёт истиқболини белгилашга кўмаклашиш амалида педагог суҳбат жараёнида тарбияланувчининг ҳаёт режаларига аниқлик киритади. Шундан сўнг тарбияланувчининг режаларини амалга оширишига кўмак беради.
Ўзи ва бошқалар ҳақида сўзлаб бериш амалида тарбияланувчига ўтган кунлари ҳақида ҳикоя ёзишни тавсия этади. Тарбияланувчининг ўтган кунларидан кўнгли тўлмайди. Шундан сўнг, уларга бошқача яшаш мумкинлиги айтилади.
Менинг идеалим амалида эса суҳбат жараёнида тарбияланувчиларнинг идеали аниқланади ва унинг ижобий ахлоқий сифатлари ажратилиб, баҳоланади.
Тарбияланувчилар учун эртак, эртактерапия ғояларини бажариш учун фойдаланилади. Тарбиячилар қаҳрамонлари тарбияланувчиларга ва уларнинг атрофдагиларига ўхшаган кишилар иштирокида эртак тузадилар. Эртак охирида педагог ва ўқувчилар ўзаро мулоҳаза юритадилар.
Иккинчи гуруҳга гуруҳ фаолиятини ташкил этишга асосланган тарбия амалларини киритиш мумкин.
Ушбу тоифа тарбия амалларидан бири фикрлар эстафетаси бўлиб, ўқувчилар берилган мавзу бўйича занжирсимон тарзда биридан сўнгра иккинчиси сўзлайди, бир-бирини тўлдиради, аниқлик киритади.
Ўзини ўзи руҳлантириш амалида ўқувчилар гуруҳларга ажратилиб, бир-бирига маълум саволлар билан мурожаат қиладилар, берилган савол ва жавоблар солиштирилиб, сўнгра муҳокама қилинади.
Эркин мавзуда суҳбатлашиш амалида ҳар бир тарбияланувчи ўзи қизиқадиган бирор мавзу бўйича ҳикоя тузади ва гуруҳдагиларга ҳикоя қилиб беради.
Кўрсатма бериш амалида тарбияланувчиларга муомалага ва хулқ-атвор қоидаларига таяниб, берилган топшириқларни бажариш сўралади. Тарбияланувчилар ўйин қоидаларига мувофиқ ўз мулоҳазаларини беришлари мумкин. Таклифлар жараёнида ҳар бир тарбияланувчининг мавқеини ҳимоялаш инобатга олинади.
Ролларни тақсимлаш амалида эса тарбияланувчилар берилган мавзуни билишига қараб, роллар тақсимланади ва улар топшириқни бажариши сўралади.
Шу тарзда тарбияси оғир болаларни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилиб, яхши натижаларга эришиш мумкин.
Тарбияси оғир болалар ҳам ўз болаларимиз. Шу боисдан уларни ҳам эсли-ҳушли, интеллектуал салоҳиятли, одобли, билимли қилиб вояга етказиш барча устоз-мураббийларнинг, мактаб психологининг масъулиятли вазифасидир.
Нилуфар ТАЖИМУРОДОВА, 38-мактаб
амалиётчи-психологи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶