МУСТАҲКАМ ҲАМКОРЛИК ТАЪЛИМ САМАРАСИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
кунда юртимизда кўплаб соҳалар сингари таълим тизимида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Малакали мутахассислар тайёрлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, янги мактаблар ташкил этиш, мавжудларини таъмирлаш, кутубхона фондини бойитиш каби олиб борилаётган ишларнинг барчаси эртанги кун эгалари бўлган ёш авлоднинг етук, баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Бу каби ўзгаришлар биз педагогларга ҳам янада улкан масъулият юклайди. Дарсларда фаол инновацион технологиялардан фойдаланиш, ўз устимизда тинимсиз изланиш орқали бу талабларга жавоб қайтаришимиз мумкин. Аммо қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, бунда ота-оналарнинг ҳам ўрни беқиёс. Чунки бола кўп вақтини оиласида ўтказади. Отанинг хатти-ҳаракатлари, онанинг бажарадиган ишларидан ўрнак олади. Дилбандининг келажагига масъулият билан ёндошадиган ота-она мактаб билан узлуксиз алоқани йўлга қўйишга интилади.
Афсуски, бугун бундай ота-оналар бармоқ билан санарли. Фикримиз исботини 25-30 ўқувчи ўқийдиган синфда ота-оналар мажлисига 10-15 нафар ота-она қатнашишидан ҳам билишимиз мумкин. Келажакда фарзандининг эл корига ярайдиган, жамият манфаатига хизмат қиладиган инсон бўлиб етишишига фақат ўқитувчигина масъул деб ўйлайдиганлар хато қилишади. Ваҳоланки, комил фарзанд энг аввало ота-онасига наф келтиради. Ҳашаматли уйлар қурган, қимматбаҳо машиналар минган ота-она фарзандига китоб олиб беришни ҳам унутмаганмикан?
Тўй-ҳашамлар, зиёфатларга боришни канда қилмайдиган ота-оналар фарзандлари билан дилдан суҳбатлашишга, уларнинг қизиқишлари билан ўртоқлашишга вақт топармикан?
Эркак киши кўчанинг одами, у болаларининг моддий таъминоти учун жавобгар, деб ўйлайди кўпчилик. Оналар эса рўзғор ташвиши, телевизордан ортмайди. Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитардим,
Сўзлаб берарди бувим…
деган сатрларини бир эсга олайлик. У бувиси орқали адабиётга, шеъриятга меҳр қўйган. Зеро, донишмандлардан бири айтганидек, аксарият буюк инсонларнинг оталари, оналари оқила ва доно бўлишган. Юқоридаги фикрлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, ота-она ва мактаб муносабатини тўғри йўлга қўйиш баркамол авлод тарбиясидаги биринчи қадам бўлади. Ота-оналар мажлисларга доимий қатнашиши, фақат ўқитувчи чақирганда эмас, ўз хоҳишига кўра ҳам мактаб жамоаси билан учрашиб, суҳбатлашиб туриши биз педагоглар учун ҳам қувонарли ҳол бўлар эди. Қолаверса, фарзандларимизнинг етук шахс бўлиб камол топиши йўлидаги бундай бирдамлик Ватанимиз келажаги учун қўшилган катта ҳисса ҳамдир.
Сайёра Аширова,
69-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶