Академик лицейда “Оммавий китобхонлик ойлиги” тадбири ўтказилди
Юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг аҳамияти беқиёсдир. Маънавиятли ва тафаккури бой инсонлар кўп бўлса, шу юртда жамият равнақ топиши шубҳасиз. Шу боис мамлакатимизда ёш авлоднинг маънан етук бўлиб вояга етишлари учун имкон яратиш мақсадида китобхонликнинг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Тараққиёт кўзгуси” туман газетаси ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари томонидан ташкил этилган “Оммавий китобхонлик ойлиги” доирасидаги навбатдаги тадбир тумандаги 3-сонли Амударё академик лицейида бўлиб ўтди.
Тадбирда “Тараққиёт кўзгуси” туман газетаси мухбирлари Ойгул Ражабова, Озода Худойберганова, “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Аҳмад Нафасов ҳамда лицейнинг маънавият ва маърифат масалалари бўйича директор ўринбосари Мансур Еримбетовлар иштирок этиб, китобларнинг ҳаётда тутган ўрни, мутолаа маданияти ва китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар, китоб мутолаа қилишнинг замонавий усуллари, яъни электрон китоблар мутолааси кабилар ҳақида сўз юритдилар. Ўқувчи-ёшлар ва ота-оналар “Сайёр китоб карвони” лойиҳаси бўйича ташкил этилган “Энг яхши совға – китоб”, “Кутубхонага китоб совға қиламан” акцияларида қатнашишга таклиф этилди.
Тадбирда ота-оналардан Амина Тўраева, Абдурашид Аметов, Рустам Ваисов ва бошқалар ташкил этилган “Китоблар олами” фирма дўконининг кўчма савдо растасидан китоб сотиб олиб фарзандларига ва ўқитувчиларга совға қилдилар. Шунингдек, “Жайхун илҳомлари” ННТнинг кўчма кутубхонаси китоблари билан яқиндан танишдилар ва кутубхонага аъзо бўлиб, ўзларига ёққан китобларни танлаб олдилар.
– Китоблар инсонни эзгуликка бошлайди. Ёшларимизни китобхонликка жалб этишда мана шундай тадбирларнинг аҳамияти катта – дейди тадбирга ташриф буюрган 27-мактаб ўқитувчиси А. Тўраева. – Мен фарзандим, лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Хурсанд Халиллаевга китоб сотиб олиб совға қилдим.
“Оммавий китобхонлик ойлиги” доирасида ташкил этилаётган “Кўчма кутубхона” ва “Кўчма китоб дўкони” хизматларидан китобхонлар ниҳоятда мамнун бўлмоқда.
С. Исмоилова,
Амударё академик лицей ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶