Ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилувчи тадбирлар ўтказилди
Китоблар доноликни ёйиш қуролидир, дея ёзган эди буюк файласуф Коменский.
Чиндан-да китоб мутолаа қилган одам ундан маънавий озуқа олади, фикри теранлашади, баркамол инсон бўлиб вояга етади, ўз ҳаётини ўзи тўғри белгилай олади.
Туманимиз аҳолисини, айниқса ёшларни китоб ўқишга кенг жалб қилиш мақсадида “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти қошида кутубхона ташкил этилган эди.
Айни кунда мазкур кутубхонада 4000 дан зиёд китоб фонди мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ўқувчи ёшларга мўлжалланган асарлардир.
17 май куни “Амударё телеканали” таҳририятида амалга оширилаётган “Одобли бола – эл кўрки” номли грант лойиҳаси доирасида 64-сонли мактаб юқори синф ўқувчиларининг мазкур кутубхонага саёҳати уюштирилди.
Саёҳатга ўқувчиларни мактаб кутубхоначиси Гулчеҳра Олламова, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Дармон Йўлдошевалар бошлаб келдилар.
“Тараққиёт кўзгуси” газетаси махсус мухбири Ойгул Ражабова ўқувчиларни кутубхонадаги мавжуд китоблар билан таништирди, кутубхонага аъзо бўлиш, китобларни ўқиш учун олиш, қайтариш тартиб-қоидаларини ўргатди.
Шунингдек, истак билдирган ўқувчилар кутубхонага аъзо бўлиб, ўзларига ёққан китобларни ўқиш учун олдилар.
– Баъзан биз дарсликка қўшимча ўқиш учун тавсия қилинган адабиётларни топишда қийналар эдик. Бу кутубхона бизнинг ўқувчиларимиз учун яхши имконият экан. Энди албатта ўқувчиларимиз билан тез-тез келиб турамиз, -деди Дармон Йўлдошева.
Кутубхонага қилинган саёҳат ўқувчиларда улкан таассуротлар қолдирди.

18 май куни мазкур грант лойиҳаси доирасида Оқ олтин овулидаги 7-сонли мактабда намунали оилаларнинг, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳаёт тажрибалари асосида ёш оилаларни, уларда вояга етаётган ёш авлодни миллий урф-одат, қадриятлар, анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида “Кийиниш маданияти-ёшлар маънавияти кўзгуси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатини мактаб директори Бозорбой Ибрагимов очди ва олиб борди.
Тадбирда “Тараққиёт кўзгуси ” газетаси махсус мухбири Ойгул Ражабова аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизнинг бугунги кундаги ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, хусусан, миллий либосларимиз, ёшларнинг кийиниш маданиятига қай тариқа амал қилаётганлиги ҳақида батафсил гапирди.
Очиғини айтиш керак, айрим қизлар-йигитлар хориж фильмлари таъсирида очиқ-сочиқ, калта ва тор кийишга ҳаракат қиладилар. Йигитларнинг ҳам калта шортик, енгсиз кофталарда жамоат жойларда юрганини учратамиз. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: ўз миллий либосларимиз бундай кийимлардан камми, кўримсизми? Чор-атрофидагилардан ажралиб, ўзгачароқ бўлиб юриш, бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилишга уриниб, ортиқча ҳашамдор ёхуд елкалари очиқ, тор кийимлар кийишни қандай баҳолайсиз?
Ўртага ташланган бундай саволларга ёшларнинг фикрлари бизни жуда қувонтирди: улар миллийлигимиздан чекинмаган ҳолда кийиниш тарафдори! Мактаб ўқувчилари Ойдўс Болтабеков, Санжар Ҳайитбоев, Сарвар Отабоев, Нилуфар Сафарбоеваларнинг фикрини тинглаган киши шундай хулосага келиши тайин.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган давра суҳбати иштирокчиларда чуқур таассуротлар қолдирди.
Севара Исмоилова,
газетанинг жамоатчи мухбири.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
Амударё туман етакчилар Кенгаши аъзоси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶