Адвокатура институти такомиллашмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда Адвокатура институти ҳам такомиллаштирилмоқда. Зеро Адвокатура институти фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини ҳисобланади. Адвокатура институтини такомиллаштиришдан бош мақсад бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш ҳисобланади.
Адвокатура институти ҳақида гапиришдан олдин аввало “Адвокатура” тушунчасига ҳуқуқий нуқтаи назардан шарҳ бериб ўтиш масқадга бўлади.
Ўзбекистон Pеспубликасини 1996 йилда қабул қилинган “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунига кўра Адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади деб белгилаб қўйилган.
Адвокатура фуқаролик жамиятини қуришда муҳим аҳамият касб этувчи, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатувчи институт ҳисобланади. Лекин шуни ҳам такидлаб ўтиш жоизки, адвокатлар ўз фаолиятини беками кўст амалга оширишда бир қанча тўсиқларга учрамоқда. Бу тўсиқларни бартараф этиш асносида Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5441 – сонли Фармонига мувофиқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди (Адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно). Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилди, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилиш каби енгилликлар берилди.
Бундан ташқари, адвокатлик лицензиясини тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилади. Суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилади. Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда, шунингдек, лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.
Фармонга мувофиқ соҳадаги янгиликлардан яна бири фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассисликлари бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилади, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилади.
Юқоридагилардан ташқари, адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолиниши шарт, бундан ташқари, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак.
Фармонга мувофиқ адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно деб белгилаб қўйилган. Адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Соҳадаги яна бир янгиликлардан бири адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган турар жойларида амалга оширишлари мумкин, бунда ушбу турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш учун нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.
Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар жамиятимизда адвокатура институтини ролини ошириш ва фуқароларимизни қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ж.Бекимбетов, Амударё тумани Адлия
бўлими бош маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶