Туманнинг энг яхши қайнона-келинлари аниқланди (+видео)
Юртимизда аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман Хотин-қизлар қўмитаси, тижорат банклари туман филиаллари, туман иқтисодиёт ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими, “Тадбиркор аёл” уюшмаси туман филиаллари хамкорлигида бошланғич босқичларда турган, энди иш бошлаётган хотин-қизларга тадбиркорликни ўргатиш мақсадида турли ўқув курслари ташкил қилиниб, яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.
Бу йўналишдаги ишларни давом эттирган ҳолда 24 сентябрь куни 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида “Маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда туман Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Гавҳар Чимбайчиева, “Оила” илмий амалий маркази туман бўлими раҳбари Гулшода Юсупова, “Тадбиркор аёл” уюшмаси туман бўлими раҳбари Нилуфар Давлетова, туман маданият уйи мутахассиси Насиба Эшчанова, тадбиркор аёл-қизлар, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Ташкилий қўмита махаллаларда хотин-кизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида танлов Низоми асосида ҳар бир маҳалладан биттадан энг яхши деб топилган бизнес лойиҳани ўрганиб чиқди ва туман ишчи гуруҳига тақдим этди. Туман ишчи гуруҳи томонидан бизнес лойиҳалар танлов Низоми асосида пухта ўрганилди, 9 нафари туман босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Туман босқичи натижаларига кўра Қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли йўналишида 1-ўринни Қанглилик овулида боғдорчилик билан шуғулланаётган “Йўлдош ота” фермер хўжалиги раҳбари Гуласал Собирова, Сервис соҳасида маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли йўналишида 1-ўринга Янгиобод маҳалласида яшовчи “Дилрабо” гўзаллик салони раҳбари Дилрабо Ўразметова, Ишлаб чиқариш соҳасидаги маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли йўналишида 1-ўринга Гулзор маҳалласида яшовчи, қандолотчилик билан шуғулланаётган Раъно Атажановалар эгаллади.
Ғолиблар туман Хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу куни “Энг яхши қайнона-келин” кўрик-танловининг ҳам туман босқичи ўтказилди. Унда иштирокчилар оила аъзоларининг меҳнат фаолияти, тадбиркорлиги ва тежамкорлиги, хонадон ободлиги, томорқадан фойдаланиш маданияти борасида амалга оширилган ижобий ишлар тарғиб қилинди. Иккинчи шартда иштирокчилар хотин-қизларнинг оилани мустаҳкамлашдаги ўрни, оилага садоқати ва ҳаётдаги бошқа ҳолатлар бўйича саволларга жавоб бердилар. Учинчи шартда эса оиладаги қайнона ёки келиннинг алла айтиш маҳорати синовдан ўтказилди.
Натижаларга кўра, Дарё бўйича маҳалласида истиқомат қилувчи Раъно Йўлдошева ва унинг келини туманнинг энг яхши қайнона-келини деб эътироф этилди.
Иккинчи ўринни Босув маҳалласи ва Бўз ёп овулларидан ташриф буюрган қайнона-келинлар, учинчи ўринни эса Арна бўйи ва Ўзбекистон маҳаллаларида истиқомат қилувчи қайнона-келинлар эгаллади.
Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶