Жамоатчилик назорати учун jamoatfikri.uz портали ишга туширилади
Мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш борасидаги давлатимиз раҳбарининг қарор ва топшириқлари давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида тўлиқ ҳамда вақтида бажарилса бу борадаги самарадорлик янада ортади. Шу қарор ва топшириқларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назорат олиб бориш учун “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими яратилди. Тизим орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан тизимли назорат олиб бориш йўлга қўйилган.
Президентимизнинг шу йил 5 октябрда “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорда ижро интизоми назоратини сифатли ва самарали ташкил қилиш ҳамда амалга оширилишини таъминлаш ҳанузгача талаб даражасида йўлга қўйилмаётгани, зарур шароитлар яратиш борасидаги чоралар самарасиз қолаётгани, риоя этиш масалаларида салбий ҳолатлар учраётгани айтиб ўтилган. Ижро интизомини янада мустаҳкамлаш мақсадидаги ушбу қарорда бу борадаги камчиликларга барҳам бериш билан бирга Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси устидан назоарт тизимини такомиллаштириш, шунингдек жамоатчилик назоратини ҳам амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Қарорда ижро юзасидан назорат олиб борувчи ва “Ijro.gov.uz” тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи давлат органи Ҳисоб палатаси, тизимни доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи орган эса Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги деб белгиланган. Шу билан бирга назоратни амалга ошириш бўйича тегишли давлат органларига масъуллик ҳам юклатилган. Ундан ташқари, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимнинг ишлаш тартиби тўғрисидаги ҳам Низом ишлаб чиқилган бўлиб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тизимда доимий ишлашни ташкил қилишни таъминлаш топширилган.
Белгиланган чора-тадбирлар қаторига 2019 йил 1 январга қадар ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолияти доирасида Президент қарорлари ижроси юзасидан аҳоли, сенаторлар, депутатлар, тадбиркорлик субъектлари ва ННТ лар томонидан жамоатчилик назорати механизмининг амалга оширилишини таъминловчи “Jamoatfikri.uz” порталининг ташкил этилиши ва йўлга қўйилишини таъминлаш ҳам киритилган. “Ijro.gov.uz” тизимининг ишлаш тартиби белгиланган Низомда мазкур тизимнинг Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларида ҳамда Президент раислигида ўтказилган кенгашлар баённомаларида белгиланган топшириқлар бажарилишининг назоратини таъминловчи ахборот тизими ҳисобланиши айтилган.
Низомда Президент ҳужжатлари ва топшириқларида кўзда тутилган топшириқларни ўз вақтида, сифатли, самарали ҳамда натижадорлик билан ижро этилишини таъминлаш, тизим иштирокчилари учун ягона ахборот маконини яратиш, тегишли раҳбарларнинг белгиланган вазифалар ва топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун шахсий жавобгарлигини кучайтириш, тизимнинг асосий вазифалари қилиб кўрсатилган. Шунингдек, ахборот коммуникация технологияларини қўллаш, иш юритиш ички жараёнларини автоматлаштириш орқали вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, “Ijro.gov.uz” тизими иштирокчилари ўртасида мунтазам идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш ҳам тизимда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини “Ijro.gov.uz” тизимига киритиш тартиби Низмонинг 2-бобига мувофиқ амалга оширилади. Ижро этиш сифати ва муддатларига риоя этилишини тизим орқали назорат қилиш тартиби эса 3-бобда кўрсатилган. Фойдаланувчиларнинг тизимдан фойдаланишларини ташкил қилиш 4-бобга кўра амалга оширилади. Тизимдан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг бошқарилиши 5-бобда батафсил кўрсатиб берилган.
Президентимизнинг “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ортишида аҳамиятли бўлган ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишини таъминлайди. Шунингдек, мазкур Қарор ижро интизомининг янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶