Амударё тумани Маданият маркази Ўзбекистонда “Энг намунали маданият маркази” деб топилди
Ўзбекистон Маданият вазирлиги санъат ва маданият вакилларини, ўз ижодий ишлари билан ёшларга ибрат бўлаётган устоз санъаткорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Эҳтиром” мукофотини таъсис этган эди. Мукофот билан 5 та – “Театр, кино ва оммавий томошалар”, “Эстарада, анъанавий, опера хонандалик, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати”, “Тасвирий санъат ва амалий санъат”, “Бадиий ижод, журналистика ва телевидения”, “Эътибор, эҳтиром, эъзоз” каби йўналишларда тақдирлаш назарда тутилган.
Шу йилнинг 12 январида Тошкент шаҳрининг “Osiyo Grand” ресторанида “Эҳтиром – 2018” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида “Тасвирий санъат ва амалий санъат” йўналишида республикамизда энг намунали деб эътироф этилган Амударё тумани маданият маркази ҳам бор.
Тадбирда туман Маданият бўлими бошлиғи Шуҳрат Юсупов ҳам қатнашиб, мукофотни қабул қилиб олди. Биз туман Маданият маркази жамоасини “Эҳтиром”да эътироф этилгани билан қутлаймиз ва келгуси ишларида ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Маълумот ўрнида: Айни кунда туман маданият марказида 3 та халқ ансамбли – “Учқун” ашула ва рақс ансамбли, “Офарин” фольклор-этнографик халқ ансамбли, “Жайхун мўъжизаси” анъанавий саҳна цирк халқ жамоалари халқимизга маданий хизмат кўрсатиб, миллий қадриятларимизни тиклаш ва тарғиб этиш, урф-одатларимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга сингдириш, тарихий, илмий, маданий меросимизни юксалтиришга, санъатимизни равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур жамоаларнинг барчаси ўз бадиий кенгашига эга ва турли миллий байрамларимиз ва муҳим саналар муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларидаги махсус театрлаштирилган томошалар сценарийлари айнан шу кенгашлар томонидан маъқулланади. Мутахассислар Насиба Эшчонова, Музаффар Ибрагимов, Ойбек Бегимовлар яратаётган сценарийлар асосида тайёрланаётган томошалар халқимизга манзур бўлмоқда.
Туманимизда бугунги кунда 1 та туман Маданият маркази, 6 та ҳудудий Маданият марказлари, махсус кўзи ожизлар кутубхонаси, Манғит маданият ва истироҳат боғи аҳолига маданий хизмат кўрсатиб келмоқда. Улардаги 19 та бадиий-ҳаваскорлик тўгаракларида 150 нафардан зиёд йигит-қизлар санъат сирларини ўрганишмоқда. Соҳада бугунги кун талабига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар муносиб баҳолангани – ходимларни янги-янги ижодий изланишларга рағбатлантириши шубҳасиз.
О.Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶