ВАТАН ҲИМОЯСИ МАРДЛАРГА ЯРАШАДИ
Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорлик, имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон тушунчалари бир-бирига жуда яқин.
Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз?” –деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, – деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, жаноза намозини ўқишди. Маййит қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (маййитга қараб): “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”, – дедилар”. (Имом Табароний ривояти).
Ватан ҳимояси фақат ҳарбийларнинг эмас, балки шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчилир. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса, сўз билан, маърифат билан, ёш авлодга ватанпарварлик руҳида тарбия бериш, ғанимларга раддия бериш билан Ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари орқали инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши тушунилади. Бу ҳам имоний бурч ва мусулмон кишининг масъулиятидир.
Ватан ҳимоячиси бўлиш эса янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртнинг ҳар бир қарич тупроғини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойи бўлган киши юксак мақомга етиши, улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганлар: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажр-у савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.
Ватанга муҳаббат, юртни ҳар қандай кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш туйғуси нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”. Ватан ҳимоячилари эса юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда камарбаста бўлмоқдалар.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаб, юртимизда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суриши йўлида Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбий хизматчиларни, оталаримиз, опа-сингилларимиз, фарзандларимиз ва ака-укаларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз, тинчлиги ва мустақиллигимизни бардавом қилсин.
Ўктам ҚурбОниязов, “Нўғой эшон” жомеъ
масжиди имом-хатиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶