ҲАP КУНИНГИЗ НАВPЎЗ БЎЛСИН, АЗИЗ ВАТАНДОШЛАP!
Она юртимиз узра баҳор ўз сепини ёйиб, борлиқни гулга буркади. Халқимизнинг минг йилликлар билан бўйлашган миллий-маънавий қадрияти, ҳаёт байрами – Наврўзи олам кириб келмоқда. Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенглашиши, табиатда жонланишнинг бошланиши билан боғлиқ бу умумхалқ айёми катта шодиёна ва хурсандчилик билан кутиб олинмоқда.
Наврўз байрамининг илдизи жуда олис тарихимизга бориб тақалади. Ўрта Осиё ва яқин Шарқ, хусусан, бизнинг диёримиз халқлари учун Наврўз тўрт минг йиллик буюк ва боқий анъаналарни ўзида мужассам этган улуғ айёмдир. Халқимизнинг юрагидан мангу жой олган бу айём ҳар биримиз учун азиз ва қадрлидир. Шунинг учун ҳам қадрлики, Наврўз – асрлар давомида одамларда она ерга ва табиатга меҳр-муҳаббат, унга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва ардоқлаш, меҳнат қилиш, ҳалол ризқ топиш туйғуларини тарбиялаган. Наврўз байрами кунларида урушлар тўхтатилган, гина-кудуратлар унутилган, одамлар тинч ва яхши қўшничилик анъаналарига интилганлар. Бундан ҳам муҳими, Наврўз – халқимиз ҳаётида баҳорий удумларни бошлаб берган ва инсон билан табиатнинг азалий уйғунлигини ўзида мужассам этган қутлуғ ва саодатли, ризқ-рўзга элтувчи Янги кун – деҳқончилик айёмидир.
Халқларни, миллат ва элатларни бирлаштирувчи урф-одат ва анъаналари, фарзандларимизни яхшиликка, маънавият ва маърифатга, меҳнатсеварлик ва ватанпарварликка, она табиатга меҳр-муҳаббатли бўлишга чорловчи эзгу шиорлари билан жуда катта маънавий бойлигимиз бўлган Наврўз мустақиллик йилларида ўзгача жило ва гўзаллик касб этди. Наврўз билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар истиқлол туфайли халқимизнинг бебаҳо маънавий мулкига айланди.
Буни биз туманимизнинг ҳар бир овули ва маҳалласида баҳорнинг илк кунлариданоқ бошланиб кетган сумалак сайлларида, этакларини тўлдириб кўк тераётган қизалоқларимизнинг қувончларида, дилларида эзгу ниятлари бисёр деҳқон-у боғбонларимиз, чорвадор-у, соҳибкорларимизнинг табиатидаги жўшқинликда кўришимиз мумкин.
Ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар битта хонадонда Наврўзий урф-одат ва удумларни кузатиш, турли миллат вакиллари иштирокида ўтказилаётган сумалак сайллари, тинчлик ва осойишталикнинг ажиб тимсоли – болажонларимиз учираётган варраклар парвозига гувоҳ бўлиш, албатта, ҳар дилга чексиз қувончларни бахш этади.
Бугун мустақил мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери Наврўз нафасидан хуш чирой очган. Наврўзона урф-одат ва удумлар, анъаналар халқимиз қалбини зийнатлаб, чор-атрофга орасталик бахш этган. Фарзандларимизнинг қувончлари чексиз, момо ва боболаримизнинг шукроналари беҳисоб. Туманимизнинг барча ҳудудларида баҳорий тантаналар, Наврўзона анъаналар билан боқий қадриятлар айёми авж олаётир!
Қадрли юртдошлар!
Наврўз – бошланаётган Янги кун она заминга сочган ҳар бир уруғимизга, чорва-ю ўтлоғимизга қут-барака, хонадонларимизга осойишталик, кўнгилларимизга хотиржамлик, оилаларимизга қувонч ва бахт-саодат бахш этсин! Барчангизга Наврўзи олам муборак бўлсин!

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶