“AmuKids” ўқув маркази ёш авлод камолига хизмат қилади
Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни чуқур билимли, тафаккури кенг, юксак ижодий қобилиятли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтидорли болалар мактаблари, ихтисослашган мактаблар тарзида ташкил этилаётган Президент мактаблари айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Туманимизда июнь ойининг бошида ўз фаолиятини бошлаган “AmuKids” ўқув маркази фаолияти ҳам бошланғич таълимни ривожлантиришга қаратилган. Чунки бошланғич таълимни пухта ва чуқур эгаллаб, мустаҳкам билим пойдеворига эга бўлган бола юқори синфларга ўтганида дарс машғулотлари мураккаблашганидан ё кўпайиб боришидан қийналмайди, осон ўзлаштира боради. Айниқса болаларнинг ментал арифметика билан шуғулланиши болаларнинг ақлий қобилиятини, тафаккурини ўстиришга ва бошқа фанлардан ҳам мустаҳкам билимга эга бўлишига замин яратиши тажрибаларда аниқланган.

Мактаб дастурида болалар одатда математикани ўрганиш, рақамларни ўзлаштириш ва одатий арифметик ҳисоблаш жараёнида фақатгина мия ярим шарининг бир тарафидангина фойдаланади, фақат мантиқий фикрлайдилар. Pасм чизиш ёки меҳнат дарсларида яратувчанлик қобилияти шаклланади.
Ментал арифметика билан шуғулланиш ва шу услубда мисоллар ечиш натижасида боланинг иккала мия ярим шари ҳам бараварига ишлайди. Ва яна бола ўзи сезмаган ҳолда миясини ҳам мантиқий фикрлашга, ҳам яратувчанлик қобилиятини қўллашга мажбурлайди. Бу дастлабки уч ой ичида ўз натижаларини бера бошлайди.
Ментал арифметика орқали фикрлашга ўрганган бола олган кўникмаларини таълимнинг барча дарсликларини ўзлаштиришга ҳамда ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида қўллай олади, ақлий қобилияти бошқа тенгдошларидан кескин фарқ қилади.
Бу сатрларни ўқиган ота-оналарнинг кўнглидан албатта, менинг ҳам фарзандим шундай билимларга эга бўлса эди, деган ўй ўтиши шубҳасиз. Ахир фарзандларимиз умримиз давомчилари, барча орзу-умидларимиз рўёби уларга боғлиқда.
Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг бошланғич таълим факультетини муваффақиятли тугатиб келиб, ўз педагогик фаолиятини 40-сонли ўрта мактабда бошлаган Зуҳра Ернафасова ҳам бу ҳақда даврий матбуотда, ижтимоий тармоқларда ўқиб, қизиқиб қолди, ўз ҳудудимизда ҳам болаларга шундай таълим берувчи марказ ташкил қилиш, туманимиз болаларининг интеллектини ривожлантириш фикри унга тинчлик бермай қўйди. Бу ҳақда туман Халқ таълими бўлимига мурожаат қилди, республика интеллектни ривожлантириш маркази семинар тренингларида қатнашиб, бу борада аввал ўз билимларини бойитди. Ниҳоят бир неча ой қилган ҳаракатлари натижасида Манғит шаҳрида “AmuKids” ўқув марказини ташкил этишга муваффақ бўлди.
Якка тадбиркор сифатида ташкил этган ўқув марказида болаларни мактабга тайёрлов гуруҳи, ментал арифметика, инглиз тили, рус тили, она тили, математика, Президент мактабларига тайёрлов курслари фаолияти йўлга қўйилган.


- Иш бошлаганимизга бир неча кунгина бўлган бўлса-да, ҳозир марказимиз ўқув курсларига қатнашаётган болалар сони 100 нафардан ошиб кетди. Мурожаат қилаётган ота-оналар сони эса кўп. Имкониятимиз даражасида уларни қамраб олишга интиламиз, - дейди Зуҳра Ерлафасова.
Келгуси авлод камолоти йўлидаги ҳар бир хайрли иш эътирофларга муносибдир. Биз ҳам ёш тадбиркор муаллим қизга бошлаган иши ўнгидан келишини тилаб қоламиз.
Ойгул PАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶