Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик бор
Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги 5278-сонли Фармони билан 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилган, уларнинг асосий вазифалари сифатида жисмоний ва юридик шахсларга «ягона дарча» тамойили бўйича, шу жумладан:
олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш;
давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик;
идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш;
давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамларини тақдим этиш;
ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш белгиланди.
Мазкур Фармоннинг 2-иловасида Жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланган.
Комплекс чора-тадбирларга мувофиқ арз қилувчидан электрон ҳужжат, сўров, мурожаат қабул қилишни рад этганлик, давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳамда муддатларини бузганлик, арз қилувчидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида назарда тутилмаган ҳужжатларни сўраб олганлик, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат органи ва бошқа ташкилотнинг қонуний талабларини (топшириқларини) бажармаганлик бўйича маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши туфайли ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади, моддий харажатлар тежалишига имкон яратилади ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириб, “Фуқаролар эмас-ҳужжатлар ҳаракатланади” ёки «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояларнинг сўзсиз амалга оширилишини исботлайди.
Мансур САДИКОВ, туман Давлат хизматлари маркази директори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶