Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналарига қандай талаблар қўйилмоқда?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналарига рухсат бериш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 24 июлдаги 624-сон Қарори айнан шу вазифа ижроси юзасидан қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 15 октябрдан бошлаб жамоат хавфсизлиги бўйича умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда қуйидаги талабларни белгилаган ҳолда уларнинг 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритишини таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди, яъни:
«Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;
биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;
бинода шовқиннинг рухсат этиладиган шовқин меъёрларига қўйиладиган санитария қоидалари ва нормаларидан ошмаслигини таъминлаш, шу жумладан, объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик;
ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўплами солинган тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
бинонинг барча учун кўринарли жойларига ёнғин ва бошқа фавқулодда (тезкор) вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни ўрнатиш.
Қарорда белгиланганидек:
умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар раҳбари томонидан юқоридаги талаблар бажарилганлиги ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли маълумот тақдим этилади;
ушбу қарорнинг юқорида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда тунги вақтда фаолият юритиш тақиқланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади;
ушбу қарорнинг юқоридаги белгиланган талабларга риоя этган ҳолда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг қонуний фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аралашиш тақиқланади;
видеокузатув тизимини ўрнатиш ва юқорида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш тегишли умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
тунги вақтда фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан юқорида назарда тутилган талаблар бузилса ёки уларнинг тунги фаолияти юзасидан жамоатчилик томонидан мунтазам равишда эътирозлар билдирилса, уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бекор қилиниши мумкин.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлардаги видеокузатув тизимларини «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексига интеграция қилишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, Миллий гвардия билан биргаликда патруль гуруҳлари томонидан тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар жойлашган йўналишларда доимий назорат ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратиш белгилаган.
Бундан ташқари, Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:
белгиланган тартибда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар рўйхатини шакллантирсин ва унинг доимий равишда янгилаб ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилишини;
ушбу қарорнинг мақсади, моҳияти ва аҳамияти тадбиркорлик субъектлари орасида тушунтирилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
М.Матюсупов, Амударё туман Адлия бўлими бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶