“Ёш оилалар ва қизлар” Республика Конференцияси доирасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда “Халқаро ёшлар” куни муносабати билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Ёш оилалар ва қизлар” Республика Конференцияси доирасида 19 август куни 16-сонли умумтаълим мактабида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбир қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари, асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, кийиниш ва муомала маданиятини ошириш, онги ва қалбини ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, бугунги эзгу ислоҳотларга фаол муносабатини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш каби мақсадларда ташкил қилинди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Ёш иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали иш ўринларини яратиш, иқтидорли қизлар заҳирасини шакллантириш Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар тайёрлаш, уларни жамоат ишларига бириктириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараёнда иқтидорли, интеллектуал салоҳияти юқори, бугунги кунда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган қизларимиз билан бирга фаол бўлмаган ёшлар ҳам қамраб олинди.
“Ёш оилалар ва қизлар” Республика Конференцияси доирасида ташкил қилинган тадбирни туман Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Гавҳар Чимбайчиева очди ва иштирокчиларни тадбир мақсади билан таништирди. Тадбирда “Оила” илмий-амалий маркази туман бўлими мутахассиси Ҳуснида Абдурахманова ҳамда 16-сонли мактаб директори Равшаной Ўрозбоева сўзга чиқдилар.
Иштирокчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тикувчилик йўналишида моҳир тикувчи тадбиркор Тамара Юсупова томонидан, тўқувчилик йўналишида Навбаҳор Қурбанбаева, зардўзлик бўйича Хонимжон Исмоилова, миллий ўйинчоқларни ясаш бўйича Ўрингул Худойберганова томонидан 4 та йўналишда 20-25 нафар ёш қизлар иштирокида “Ким нимага қодир?” мавзусида “Маҳорат дарслари” ўтказилди.
Шунингдек 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижтимоий фаол ҳамда уюшмаган қизлар иштирокида депутат ва турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган раҳбар аёллар билан “Мен ҳам етакчи бўламан” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси туман кенгаши раиси Муқаддас Бекназарова маъруза қилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбирда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижтимоий фаол ҳамда уюшмаган қизлар, депутатлар, фуқаролар йиғинлари ходимлари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислардан жами 150 нафарга яқин иштирокчилар қатнашдилар.
Бу каби тадбирлар аёл-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, касб-ҳунар кўникмаларини ривожлантириш, пировардида эса давлат ва жамият ишларида фаол қатнашиб, ўзлигини намоён қилишларида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶