Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда
Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир. Афсуски, айрим кишиларнинг бу оддий ҳақиқатни етарлича англамай ёнғин хавфсизлиги қоидаларига эътиборсизлиги туфайли ёнғинлар келиб чиқмоқда.
2019 йил 10 ой давомида туманимизда 26 та ёнғин ҳодисаси қайд қилинди. Бундай катта-кичик ёнғинлар фуқароларга анчагина моддий ва маънавий зарар келтирмоқда. Ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганида уйларда газ ва электр тармоқларидан тўғри фойдаланмасак, ёш болаларнинг қаровсиз қолдирилиши ушбу нохуш ҳодисанинг асосий сабаблари экани аён бўлади.
Бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро ёнғиннинг олдини олишга доир талаб қоидаларга амал қилиши, газ ва электр ускуналаридан тўғри фойдаланиши, болаларни уйда қаровсиз қолдирмаслиги, турар жойлар, корхона ва муассаса биноларидаги иситиш қозонларининг ўчоқ ҳамда печларнинг яроқлилигини, мўрилари ва газ плиталарнинг жумраклари созлигини текшириб, уларни ёнғинга қарши курашиш жамияти орқали кўрикдан ўткази лозим.
Яна бир бора статистикага эътибор қаратилса, йил давомида ёнғинларнинг кўпчилик қисми фуқароларнинг турар жойларида содир бўлгани маълум бўлади. Шунинг учун оловдан тўғри фойдаланиш чора-тадбирлари ҳақида тушунча бериш, шунингдек, ис газидан заҳарланишларнинг олдини олиш мақсадида туман ёнғин хавфсизлиги бўлими, фавқулодда ҳолатлар бўлими ва бошқа ваколатли органлар томонидан аҳоли хонадонларида тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг 2019 йил 14 октябрдаги 150-сонли баёнига асосан шу кунларда Республикамиз бўйича ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида махсус тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўтган давр мобайнида содир бўлган ёнғинлар ҳамда газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни инобатга олиб, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳоли турар жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Туманимизда 4 та ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, улар томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида айрим маҳаллаларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузаётган фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.
Туман Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси, Манғит шаҳридаги 3-сонли ҳамда Қипчоқ шаҳарчасидаги 4-сонли касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари шахсий таркиби томонидан туманимиз ҳудудида тадбир бошлангандан шу кунга қадар 1 минг 834 та фуқароларга ёнғиннинг олдини олиш ва ис газидан заҳарланишларнинг олдини олиш бўйича кенг тушунчалар берилди.
Қолаверса, аҳолига ўрганишлар давомида газ баллонларидан, газ ва электр мосламаларидан хавфсизлик қоидалари талабларига асосан тўғри фойдаланиш, иситиш печларининг мўриконлари созлигини доимий назорат қилиш, носоз қўлбола ва ўзбошимчалик билан ўрнатилган газ ва электр ускуналаридан фойдаланмаслик бўйича кўрсатмалар тақдим қилинди.
Бу каби тадбирлар содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶