АМУДАРЁНИНГ ЭНГ ЧЕККА ҲУДУДЛАРИДАН БИРИ - ҚОРАМОН МАҲАЛЛАСИДА САЙЛОВЛАР ҚАНДАЙ ЎТМОҚДА?
Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётган сиёсий жараёнда туманимиз аҳолиси ҳар қачонгидан ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Аҳолининг бу жараёндаги фаоллиги уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғисон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар билан бўлган учрашувлар чоғида яққол кўзга ташланган бўлса, бугунги номзодлар учун овоз бериш жараёнидаги ҳаракатлари фуқароларимизнинг янги Ўзбекистон ва унинг тақдири йўлидаги фаол ҳаракати сифатида яққол намоён бўлаяпти.
22 декабрь куни соат 8:00 дан туманимизнинг энг чекка ҳудудидан бири ҳисобланган Қорамон маҳалласидаги 53-сонли умумтаълим мактабида жойлашган 107-сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар учун овоз бериш жараёни бошланди.
– Сайловчиларимиз олдинги сайловлардагидан анча фаол, – дейди биз билан суҳбатда 107-участка сайлов комиссиясининг раиси, 53-сонли мактаб директори Шоназар Самандаров. – Бизни қувонтираётган нарса ҳудудимиздаги кекса ёшдаги сайловчилар ҳам келишиб, депутатликка номзодлар учун овоз беришда фаол иштирок этмоқдалар. Сайлов участкамизда 1268 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 45 нафарини биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшлар, 7 нафарини эса сайлов участкасига кела олмайдиган ногиронлар ташкил этади. Биз сайлов қутисини ногирон сайловчиларнинг уйларига олиб бориб, ўзлари маъқул кўрган номзодлар учун овоз беришларига шароит яратиб берамиз.
Сайлов бюллетенларини қутига ташлаб, ўзи маъқул деб топган номзодларга овоз берган отахон Ернафас Пирнафасовни суҳбатга тортамиз.
– Ҳозир менинг ёшим 78 да, ўтган умрим давомида бир қанча сайловларда иштирок этганман. Аммо бу галги сайлов менда бошқача таассурот уйғотаяпти. Сайлов жараёнида у ёки бу номзодга овоз бериш масаласида ҳеч ким менга кўрсатма бергани йўқ. Мен ўзим хоҳлаган номзодим учун овоз бердим. Шу сабабдан ҳам бу сайловдан кўнглим тўлди, кайфиятим кўтарилди.
– Мен депутатлик сайловида биринчи бор иштирок этаётганимдан қувончдаман, – дейди ёш сайловчи Сарвар Раҳимбоев. – Депутатликка номзодлар учун овоз беришдан олдин уларнинг қайси партия вакили эканликлари ва сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдим. Кейин бир хулоса келиб, ўзимга маъқул бўлган номзодлар учун овоз бердим.
Юқори дид билан безатилган, сайловчилар учун барча шароитлар яратилган ушбу сайлов участкасидаги сайлов жараёнларидан бизнинг кўнглимиз тўлди. Сайловчиларнинг яхши кайфият билан овоз беришда иштирок этишаётгани эса уларнинг янги Ўзбекистондан, янги сайловлардан кўнгли тўқ эканликларидан нишонадир.
Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶