“ҲОКИМ КУБОГИ”НИ 17-СОНЛИ МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ
Давлатимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилаётир. Юртимизда кенг кўламда амалга оширилаётган соғломлаштириш тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам аҳолини, хусусан, ўқувчи-ёшларни спортга кенгроқ жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, шу асосда соғлом ва баркамол авлод шаклланишига эришишдан иборат.
Ўқувчи-ёшлар орасида спорт турлари бўйича мактаб, мактаблараро ва туман бўйича турли саналар муносабати билан ўтказилаётган мусобақалар, шунингдек, “Умид ниҳоллари” мусобақалари тобора оммалашмоқда. Шу билан бирга жаҳон андозаларига жавоб берувчи спорт иншоотларини қуриш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги олис-олис ҳудудларда ҳам спорт соғломлаштириш иншоотлари, кичик футбол майдончалари қурилиб фойдаланишга топширилаётганлиги эса ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига асос бўлаётир. Бу – эртамиз яратувчилари бўлмиш ёш авлод саломатлигига бўлган ғамхўрлик ва эътибор намунаси десак, адашмаган бўламиз.
Шу йилнинг 17 январида 35-сонли мактабда туманимизнинг Холимбег, Дўрман овуллари ҳудудидаги 8 та – 14-, 20-, 35-, 53-, 69-, 70-, 73-, 84-сонли мактабларнинг 9-11 синфлари ўқувчилари орасида спортнинг футбол тури бўйича “Ҳоким кубоги” учун катта мусобақа ўтказилди.
Шуниси эътиборлики, шу йилнинг 16 январь куни туманимиз ёшлари ҳаёти билан танишган Республика ишчи гуруҳи аъзолари 35-сонли мактабда ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбия олишлари, спорт турлари, айниқса, футбол билан шуғулланишлари учун яратилган шароитларга улкан баҳо беришди. Шунингдек, бундан унумли фойдаланиш, ёшлар орасида турли мусобақаларни тез-тез ташкил этиб, иқтидорли болаларни аниқлаш, улар билан алоҳида шуғулланиб, қобилиятини ривожлантириш лозимлигини уқтиришган эди.
“Ҳоким кубоги” учун иккала овул ёшлари орасида ўтказилган футбол мусобақаси ҳудуд ёшларининг кўнглидаги интилишларга ҳам ҳамоҳанг эди. Спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз маҳоратини оширган ёш спортчилар мусобақалар давомида ғолиблик учун ҳаракат қилдилар.
Қизғин беллашувлар билан кечган мусобақа натижаларига кўра, 17-сонли мактаб ўқувчилари биринчи, 35-сонли мактаб ўқувчилари иккинчи, 70-сонли мактаб ўқувчилари эса учинчи ўринни енгиб олдилар.
Ғолиб жамоалар туман ҳокимлиги томонидан диплом ҳамда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шундай қилиб, “Ҳоким кубоги” 17-сонли мактаб ўқувчилари жамоасига насиб этди.
Мусобақа ўқувчиларда улкан таассуротлар қолдирди, ғолиблик учун ҳамжиҳатликда интилиш туйғуларини тарбиялади.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶