ПРОФИЛАКТИКА КУНИ ТАДБИРЛАРИ ХАЛҚИМИЗ ТИНЧ-ОСОЙИШТА ЯШАШИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА
Тинч-осойишта, ўз оиласи бағрида бамайлихотир яшашни ким ҳам истамайди, дейсиз. Бироқ юртдошларимиз орасида носоғлом ҳаёт кечириш орқали аҳоли тинчлигига дахл қилаётганлар, ҳуқуқбузарликлар содир этаётганлари ҳам учраётганидан кўз юма олмаймиз.
Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, 2017 йил февралидан бери ҳафтанинг ҳар пайшанбаси – Профилактика куни деб белгиланганлиги сабабли, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир Ички ишлар идоралари ходимлари фаолиятининг кундалик қоидасига айланди. Фуқароларнинг муаммолари ҳам кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқланиб, ечимини топишга ҳаракат қилинмоқда.
Албатта, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра олдини олиш осон бўлгани каби жамиятимиздаги салбий иллатларни ҳам эрта аниқлаш, олдини олиш, носоғлом ҳаёт кечирувчилар – ичкиликка ёхуд ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни эрта аниқлаб, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш, жамоатчилик эътиборини қаратиш орқали хулқини яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилиш – яхши самара беради. Шу мақсадда туманимизда ҳам ўтган давр мобайнида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Профилактика куни” тадбирлари ўтказилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, туман ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга эришилмоқда.
Туман Ички ишлар бўлимида пайшанба – Профилактика кунида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан раҳбарият томонидан ҳар бир ходимга топшириқлар берилиб, бунда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида тушунтиришлар берилади.
Жорий ҳафта 30 январь куни ўтказилган Профилактика куни тадбирида Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, катта лейтенант Дилфуза Шарифова Манғит шаҳрининг Дўстлик ва Янгиобод маҳаллаларида уйма-уй юриш орқали оилаларнинг яшаш шароитларини ўрганиб, учраган мавжуд муаммолар юзасидан маслаҳатлар берди ва тушунтириш ишларини олиб борди. Бунда у фуқаролар билан айни қишнинг совуқ кунларида табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, фарзандларининг мактабдан бўш вақтларидан мақсадли фойдаланиш лозимлиги хусусида суҳбатлашди.
Шунингдек, 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида таълим олаётган ўқувчилар билан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, мамлакатимизда ҳар бир ёш авлоднинг комил инсонлар бўлиб вояга етиши учун қаратилаётган эътиборга муносиб бўлиш лозимлиги хусусида суҳбат ўтказди. Мобиль телефонлардан мақсадли фойдаланиш, кийиниш маданияти ҳақида қизиқарли савол-жавоблар бўлди.
Тунги пайтларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Манғит шаҳридаги савдо дўконлари, умумий овқатланиш шоҳобчалари жамоат ташкилотлари вакиллари билан назорат қилиниб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Амалга оширилаётган бунингдек тадбирлар юртдошларимизнинг тинч-осойишталигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶