БАҒРИКЕНГЛИК, КЕЧИРИМЛИЛИК ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил этиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси, умуман, оилавий ҳаётнинг барча масалалари атрофлича ўрганиб чиқилган ва керакли кўрсатмалар берилган.
Оила қуриш эр билан хотиннинг динимиз ҳукмлари асосида дўстлик, меҳр- оқибат, ҳурмат, муҳаббат, кечиримлилик, самимийлик каби инсоний фазилатлар билан ҳаёт кечиришга аҳдлашувидир.
Қуръони каримда никоҳ ва оила ҳақида 50 дан ортиқ оят бор. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари битилган китобларда никоҳ тўғрисидаги ҳадислар алоҳида бўлимларни ташкил қилади.
Минг афсус, кейинги пайтда оилани асраб-авайлаш ўрнига, арзимас сабаблар туфайли оилавий ажралишлар кўпайиб бораётгани ачинарли ҳол. Никоҳни узрсиз ажралишга олиб келувчи эркак ва аёл Аллоҳ таолонинг буйруғини ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларини ижро қилмаган киши саналади.
Оилавий муносабатларнинг асосий талабларидан бири оила қурган ҳар бир инсоннинг жуфти билан иноқлик ва меҳрибонликда умр кечиришидир. Демак, ҳаётда оиланинг бардавомлиги биринчи навбатда эр-хотиннинг ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши-ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч-тотувликни барпо этишлари билан таъминланади.
Расулуллоҳ (с.а.в): “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман”, дедилар.
Оилани бошқариш жараёнида эркак кишининг энг мураккаб масъулиятларидан бири, барча қўл остидагилар, яъни хотини, фарзандларининг моддий ва маънавий таъминотчиси бўлиши билан бирга, оила тинч-тотувлигини сақлашдир.
Никоҳ алоқаси боғлангандан кейин эркаклар зиммасига кўпгина масъулиятлар юклангани каби, аёлларга ҳам бир неча вазифалар юкланади. Кундалик ҳаётда келинлардан оила аъзоларига гўзал муомалада бўлиш, оиладаги тартиб-интизомга риоя қилиш, оила аъзоларининг муносабатларини тушунишга ҳаракат қилиш, қайнота-қайнонани ҳурмат қилиб, уларнинг хоҳиш-иродасига қарши бормаслик, оиланинг бошқа аъзолари билан муносабат-муомалада чидамли, кечиримли, ширин-сўз бўлиш талаб этилади.
Оилавий турмуш бежизга “умр савдоси” дейилмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурилсагина, икки тарафга баравар фойда беради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади.
Оила ҳаёти ҳеч қачон фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар ҳам учрайди. Эр-хотин биргалашиб курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги барқарор бўлади.
Фарзандининг бахтли-тахтли бўлиб кетишини чин дилдан истаган қайноналар келинини ўз қизлари ўрнида кўриб, унинг янги оилага кўникиб кетишида онадек ёрдам берадилар. Бунинг учун келин ҳам қайнона измига юриши керак. Қайнона бағрикенглик, катталарга ярашиқли мулоҳазакорлик билан келинни йўлга солиши керак.
Меҳрибон, иродали оналар янги келин билан муносабатда ўзи янги оила қурган даврда дуч келган муаммолар ечимини намуна тариқасида фарзандларига тақдим қилади, ўзлари ҳаётларида учраган қийинчиликларни фарзандларига раво кўрмайдилар ва шунинг учун аччиқ ва аламли ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрадилар. Келиннинг оила аъзолари билан қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлайдилар. Зеро, қайнота-қайнонасининг ота-онасига самимий ҳурматини кўргани сайин келиннинг янги хонадонга меҳри ортиб боради.
Хато қилмайдиган одам йўқ. Оиланинг ҳар бир аъзоси ҳам ўзи билиб-билмаган ҳолда хато қилиши мумкин. Ҳиндларда: “Яхшиликлар ичидан ёмонликни топиш эмас, балки ёмонликлар орасидан яхшиликни топа билиш фазилатдир”, деган мақол бор. Оила аҳли бир-бирининг яхши томонларини тан олиб, қадрлаб, ҳурматласа, хатоларини кечириш осон бўлади.
А.Матсапоев, “Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶