ЙИҒИЛИШДА ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Йўл – тасодифларга тўла деймиз-у, баъзан ушбу тасодифлар сабабчилари айнан жабрланган одамларнинг ўзлари эканлигини ўйлаб кўрмаймиз. Аслида бунингдек бахтсиз ҳодисалардан аҳоли хабардорлигини ошириш, лозим бўлган хулосаларни олишига эришиш жуда муҳим. Чунки хоҳ ички, хоҳ халқаро тоифадаги йўлларда бўлсин – тезликни белгиланганидан анча ошириб ҳайдаётган, машина бошқариб бораётириб телефонда гаплашаётган, йўловчи талашиб бири-бирини қувиб ўтишга уринаётган ҳайдовчиларлар оз эмас.
Яқинда Бештом маҳалласида йўл-транспорт ҳодисаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман прокурори Ж.Муфтуллаев, Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойбергановлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, фаоллари иштирок этдилар. Йиғилишда бунингдек кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлишининг олдини олиш учун кенг тарғибот ишларини олиб бориш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишга эришиш кераклиги хусусида сўз юритилди. Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш юзасидан доимий назорат олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида шу йилнинг 2 февралида Бухоро шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Мирзо Раҳмонов ҳамшаҳари Комил Омоновга тегишли бўлган “Спарк” русумли автомашинани ишончнома орқали А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” халқаро тоифадаги автомобиль йўлининг 727-километри, 4 пекетида бошқариб кетаётганида бошқарувни йўқотиб, йўл четига чиқиб кетиб ағдарилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилганлиги кенг муҳокама қилинди.
Ҳодиса натижасида эндигина 36 ёшни қаршилаган, 3 нафар фарзанднинг отаси, ҳали ҳаётдаги орзу-армонларига етиб улгурмаган бир навқирон йигит ушбу ҳодиса оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги, унинг Бухоро шаҳридаги кафелардан бирида бошқарувчи бўлиб ишлаганлиги, ҳодиса вақтида машинада бўлган онаси – 1954 йилда туғилган Раҳима Аминова эса тан жароҳатлари олганлиги туфайли касалхонага ётқизилганлиги бўйича маълумот берилди. Шу куни соат 11:50 лар атрофида содир бўлган бу воқеанинг асосий сабабчиси бўлган ҳайдовчи тезликни меъёридан ортиқ оширишганлиги, натижада автомашина бошқарувини йўқотиб қўйганлиги ва ҳалокат содир бўлганлиги ҳақида сўз юритилди. Шунга кўра мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилганлиги ҳам маълум қилинди.
Йиғилишда иштирок этган ота-оналар, маҳалла фаоллари маҳалла ҳудудидаги йўлларга пиёдалар йўлакчаси қуриш, пиёдалар магистраль йўлларни кесиб ўтишлари учун йўл чизиқлари чизиш, йўл ҳаракатини бошқарувчи белгилар ўрнатиш юзасидан таклифларни ўртага ташладилар. Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев бу таклифларни инобатга олиш ва бажариш юзасидан тегишли масъулларга топшириқ берди.
О.Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶