ХОНАДОНИНИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИГА НОҚОНУНИЙ УЛАБ, ДАВЛАТГА ЗАРАР ЕТКАЗГАН ФУҚАРО ЖАЗОЛАНДИ
Энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш кераклигини ҳар бир истеъмолчи жуда яхши билади. Чунки бу ресурслардан унумли фойдаланмаслик ва уни иқтисод қилмаслик, уларни ишлаб чиқариш учун сарф бўлаётган ёқилғи энергетика ресурсларнинг ортиқча сарф бўлишига олиб келади. Бироқ айрим кимсаларнинг ундан ноқонуний фойдаланишни одат қилгани ачинарлидир.
12 февраль куни “Олмазор” маҳалласи фуқаролар йиғини биносида Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд ўтказилди. Сайёр судда Жиноий ишлар бўйича туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов, судья ёрдамчиси Элёр Жуманиёзов, туман прокуратураси терговчиси Баҳром Хўшанов, туман Кенгаши депутати Гулзода Эшимбетова, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Жуматов ҳамда маҳалла фаоллари қатнашишди.
Суд мажлисида шу маҳалла фуқаросининг ўз хонадонида электр таъминотига ноқонуний уланиб олганлик ҳолатига доир жиноят иши кўриб чиқилди.
Маҳаллада аҳолининг электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда ушбу фуқаронинг ўз хонадонида электр тармоғига ноқонуний, яъни рухсатсиз уланиб олганлиги аниқланди. Текширув пайтида хонадон эгаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 120-бандида кўрсатилган талабларга зид равишда электр ҳисоблаш ускунасидан ташқари, тўғридан-тўғри девор ичидан, яширин равишда электр энергияси тармоқларига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланиб, фойдаланиб келганлиги натижасида туман электр тармоқлари корхонасига 49 млн. сўмдан зиёд миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.
Шу сабабли бу шахс ўзининг ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси 1852-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланди.
Суд мажлиси давомида судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳлар кўрсатувларини, ҳимоя ва охирги сўзларини, давлат айбловчи ва ҳимоячининг нутқларини тингланди. Шундан сўнг, жиноят иши бўйича тўпланган барча далиллар текширилиб, ҳуқуқий баҳо берилди.
Олий Суд Пленумининг 2006 йилги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти хақида»ги 10-сонли Қарорининг 5-бандида «Судлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, шунингдек, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатилиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлаш учун қонунда мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари керак», - деган талабларидан келиб чиқиб, судланувчининг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олинди. Судда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киришлиги инобатга олиниб, судланувчига ушбу модда санкциясида кўрсатилган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаш лозим деб топилди.
Жазо тайинлаш масаласи муҳокама қилинганда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ва моддий аҳволи, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Болтабоев томонидан берилган кафолат хати инобатга олинди. Шунингдек, ушбу шахснинг муқаддам судланмаганлиги енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланди. Аммо жиноятни ғаразли ниятларда содир қилганлиги оғирлаштирувчи ҳолат деб топилди ва унга ЎзР ЖКнинг тегишли моддасида назарда тутилган ахлоқ тузатиш ишларига доир жазо тайинлади.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶