МАЪНАВИЯТ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
19 февраль куни 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида “Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2020 йил январь-июнь ойларига мўлжалланган Ҳамкорлик Дастури”нинг 4-бандига мувофиқ “Маънавият оиладан бошланади” мавзусида тарғибот- ташвиқот тадбири ташкил қилинди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг илм эгаллашга бўлган қизиқишларини ошириш, уларни ҳалол меҳнат қилишга ўргатиш, оилавий келишмовчиликларга барҳам беришда маҳаллаларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, маҳаллаларда оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва жавобгарчилигини оширишга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Мазкур тадбирда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Г.Юсупованинг “Оила – муқаддас”, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари Б.Аллабергеновнинг “Китоб – ҳаёт мактаби”, 15-сонли мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Жуманованинг “Жаҳолатга қарши маърифат”, туман Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Г.Чимбойчиеванинг “Фарзанд тарбиясида ота-онанинг роли ва масъулияти” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, оилалар ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш, жамоат ва давлат ташкилотлари ўртасида бир-бирини тўлдирадиган, самарали ҳамкорликни жорий этиш, ушбу йўналишда жамоат ташкилотлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик дастурида белгиланган вазифалар кенг муҳокама этилди. Ундан ташқари, тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича Дастурда белгиланган тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш хусусида ҳам сўз юритилди.

Тадбирда Манғит шаҳридаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари, маҳаллалар фаоллари, кекса нуронийлар, ҳожи ота ва ҳожи оналар иштирок этишди ва муҳокама этилган мавзулар юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
“Оила тинч – жамият тинч”. Бу иборани кўп қўллаймиз. Бироқ ўзимиз яшаётган жамиятдаги майда-чуйда, арзимасдек кўринган камчиликлар ҳақида кўп қайғуравермаймиз. Бир кун бу камчиликларнинг улкан муаммога айланиб кетишини ва кўпчиликнинг тинчини бузиши мумкинлигини ўйламаймиз. Баъзи оилалардаги нотинчликлар, оилавий ажралишларнинг тобора кўпайиб бораётгани, ўсиб келаётган ёш авлод қалбидаги маънавий бўшлиқлар ана шундай бепарволиклар оқибатларидан бири десак, адашмаймиз. Бизнинг халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган маҳалла боласига ўз боласидек қайғуриш, қўшниси тинч-омонлигини ўз хотиржамлигидай кўриш, борини, қувонч-ташвишини бирга баҳам кўришдай ҳаётбахш қадриятларини қайта тиклаш ва ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олишига эришиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардандир.
Тадбир давомида бу борада атрофлича сўз юритилди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ойгул Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶