ХОЛИМБЕГ ОВУЛИ ФАОЛЛАРИ НУРОНИЙЛАР БИЛАН УЧРАШДИЛАР
Бугунги кунда 80 ёшдан ошган, 100 ёшга қадам қўйган инсонлар биз биламизки, умри давомида энг оғир, машаққатли ҳаёт йўлларини босиб ўтишган. Уларнинг аксарияти Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида, меҳнат фронтида заҳмат чекиб, ҳаётнинг бемаврид азоб-уқубатларини бошидан кечиришган.
Бу инсонлар 1930 йиллардаги қатағонлар, уруш даврининг бири-биридан даҳшатли воқеалари, урушдан кейинги очарчилик ва тикланиш йилларининг қийинчиликларини ўз матонатлари, сабр-бардошлари билан енгиб ўтиб, бугунги дориломон кунларга етишган фидойилар сифатида эл-юрт ардоғида. Уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, яхши яшаш ва дам олиш шароитларини яратиш биз – бугунги авлод вакилларининг зиммамиздаги инсонийлик бурчимиздир.
Холимбег овулида ўз умрини эл-юрт фаровонлигига бағишлаб ўтган кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, ҳайит ва байрамларда, уларнинг яхши-ёмон кунларида кексаларни йўқлаб туриш яхши анъанага айланган. Овул ҳудудида умргузаронлик қилаётган нуроний отахонлар иштирокида “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ўгити – ҳаёт калити”, “Кексалар – хонадонларимиз фаришталари” мавзуларида ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб турилиши ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтиришда катта аҳамият касб этмоқда.
Яқинда туман ҳокимлиги масъуллари, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Бекман Аллаберганов, ички ишлар тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий Каромаддин Ибодуллаев, ҳудуд профилактика инспектори Зиёдулла Кенжаев ҳамда Холимбег овул фуқаролар йиғини раиси Зарифбой Алламов раҳбарлигидаги овул фаоллари холимбеглик нуроний отахон ва онахонлар хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Умрининг 70 йилини овулда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга бағишлаган 87 ёшли Янгилжон момо Олламова, 81 ёшли Тозагул момо Собирова, 80 ёшдан ҳатлаган Шериммат ота Олламов ҳамда Бобожон ота Ўрозметовларнинг турмуш тарзлари ва оилаларига тааллуқли муаммоларини ўргандилар. Нуронийлар билан суҳбат қуриб, уларнинг ўтмишдаги суронли йилларда кечган машаққатли ҳаёти ҳақидаги ҳикояларини тингладилар.
Овул ҳудудида яшовчи Тозабой бобо Жуманов яқинда 92 ёшга қадам қўйдилар, Мавлон бобо Жуманиёзов эса умрининг 93-баҳорини қарши олмоқда. Иккала отахон ҳам ўз ҳаётининг энг навқирон йилларини Иккинчи жаҳон уруши оқибатларини бартараф этиш, овул иқтисодини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратишдек хайрли, айни дамда машаққатли меҳнат дамларига бағишлаган, пировардида эл-юртда обрў-эътибор топган инсонлардир.
Ёқут момо Аҳмедова эса овулнинг энг кекса онахони ҳисобланади. Момо ўз умрининг 100-баҳори билан юзма-юз турибдилар. Ҳаёт машаққатларини мардона енгиб ўтган, турмуш қийинчиликларига эгилмай, ўғил-қизларини эл-юртга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялаган Ёқут момонинг умр йўли овул ёшлари учун нафақат ибрат, балки жасорат ва матонат мактаби ҳамдир.
Овул фаоллари Ёқут момони тез-тез йўқлаб, унинг суҳбатида бўлишни, момонинг хотираларини тинглаб, ҳаётий сабоқлар олишни ўз бурчлари деб билишади. “Кексалар – хонадонларимиз фаришталари” шиорини кундалик иш фаолиятининг бир қисми деб билган овул фаоллари нуроний отахон ва онахонлар ҳузурида тез-тез бўлишиб, уларнинг маслаҳат ва ўгитларидан баҳра оладилар.
Бу галги уйма-уй юриб ўтказилган учрашувларда ҳам овул фаоллари кексалар дуосини олиб, уларга ўз совғаларини ҳадя этдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶