“ҚУВНОҚ МАТЕМАТИКА” ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Фанлар шоҳини математика, дейишади. Бу фундаментал ҳаётий фанни қўшимча машғулотлар, фан бўйича тўгаракларда атроф-олам билан боғлаб ўргатилса, ўқувчиларнинг қизиқиши куча¬йиб, ўзлаштириш ва эслаб қолиш қобилияти ҳам ортади. Айниқса, мустақил равишда мисол ва масалалар ечишга, математик тенгламалар устида ишлаб, ҳар хил бошқотирмалар ўйлаб топишга йўналтириш, уларни турли ўйинлар орқали амалга ошириш ўқувчилардаги креативлик, ижодий тафаккурни ўстиришга хизмат қилади.
Ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ва мақсадли ташкил қилиш мақсадида 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2-“В” ва 2-“Д” синфларида математика тўгараги ташкил этилган бўлиб, унда ўқувчилар тўлиқ қатнашишади. Тўгарак машғулотлари ҳафтанинг ҳар шанба – ўқувчиларнинг дарсдан бўш кунларида ўтказилади. Тўгарак ўқувчиларнинг ушбу фанга қизиқишлари ошишига, уни бошланғич синфдан бошлаб, мукаммал эгаллашига хизмат қилмоқда.
Мазкур тўгаракка жалб этилган ўқувчилар учун февраль – математика фан ойлиги доирасида “Қувноқ математика” деб номланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда иккала синф ўқувчилари аввало мазкур фанни ўрганиш заруратига оид маъруза тингладилар. Фан ўқитувчилари ҳаётимизда математика фаннинг тутган ўрни, ўқиш, ўрганиш учун яратилаётган шароитлар ўзининг ижобий самараларини бераётганини мисоллар ёрдамида тушунтирди.

Шундан сўнг, ўқувчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда столга қўйилган геометрик шакллардан уйча ясадилар. Устозлари Бекажон Айтбоева, Роза Примовалар ана шу уйча мисолида математика барча билимлар пойдевори эканлигини, пойдевори мустаҳкам қурилган уй ҳар қандай табиат ҳодисаларига ҳам дош бера олганидай, математика билимлар пойдевори эканлигини, фанни яхши ўзлаштириш барча билимлар сари йўл очишини тушунтириб бердилар.
Иккала гуруҳ аъзолари учун ҳам математикадан қизиқарли мисол, масалалар ечиш, топшириқларни бажариш жараёнлари жуда ҳаяжонли бўлди.
Тадбир математик сонлар орқали бажариладиган амалларга оид шеърлар билан давом этди. Айниқса, математик бошқотирмаларнинг белгиланган муддатда жавобини топиш топшириғининг бажарилиши жуда ҳаяжонли бўлди. Ўқувчилар топшириқларни бажариш жараёнида топқирликларини, интилувчан ва ҳаракатчанликларини намойиш этдилар.
Мазкур мактаб туманимизда ўқувчиларга таълим бериш борасида илғор муассасалардан саналади. Ўқувчиларнинг билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида эришаётган ютуқларида бошланғич таълим давридаёқ мустаҳкам асос яратилаётир. Хусусан, улар илк синфдан бошлаб, дарс машғулотларини ўзлаштириб боришлари учун ғамхўрлик қилинаяпти.
Тажрибали бошланғич таълим ўқитувчилари Бикажон Айтбоева, Роза Примовалар ўзларининг дарсларига ижодий ёндашиб, билим асосларини ўқувчиларга чуқур сингдиришга ҳаракат қилишмоқда.
Ўтказилган фан ойлиги доирасидаги тадбир ҳам шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Боиси бундай тадбирлар ўқувчиларнинг тафаккури, ақл-заковати, зеҳнини янада ўткирлаштиради.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶