АЁЛ ГЎЗАЛЛИГИ ОЛАМНИ БЕЗАДИ
Аёл – гўзаллик тимсоли, у – меҳридарё она, ҳаётда яхши ва ёмон кундаги йўлдош ва жонкуяр опа-сингилдир. Дунё улар билан чароғон, яшаш ҳам мазмунли.
“Аёл гўзаллиги оламни безар” шиори остида 46-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда ҳақиқатдан ҳам аёлнинг оламни безаб турган бетакрор гўзаллиги, меҳр-муҳаббати, фақат онажонларимизга хос назокати ва латофати баралла намоён қилинди.
Айни пайтда 691 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олаётган мазкур илм даргоҳида 70 нафар тажрибали педагог-мураббийлар фаолият юритишади. Мактаб ўқувчиларининг 365 нафари мамлакатимиз, туманимиз келажаги учун масъул, бўлғуси онажон-қизлардир.
Мўътабар онахонлар, бири-биридан лобар опа-сингиллар, зевар қизлар шарафига юксак эҳтиром кўрсатилиб, уларга гуллар ҳадя этилди. Аёлларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро қилиниб, энг дилбар рақслар опа-сингиллар учун армуғон қилинди. Давра тўрида гулдай яшнаб ўтирган муҳтарама онахонлар, устоз ва мураббий аёллар ўз фарзандлари томонидан кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан мамнун бўлдилар.
Байрамона шукуҳ ҳукмрон бўлган давра янада кенгдан олиниб, мактаб директорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилрабо Жумашева ҳамда 6-синф раҳбари, қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси Гулхумор Аҳмадовалар раҳбарлигида “Балли, қизлар!” танлови ҳам ташкил этилди. Танловда мактабнинг аълочи ва жамоатчи ўқувчилари Мақсуда Зарифбоева, Нодира Аминбоева, Барчиной Чоршамова, Мадина Човдирова, Севинчой Юсуфбоевалар 5 та шарт бўйича беллашиб, ўзларининг қобилиятларини, ҳар ишга уқувлилиги, моҳирлигини намойиш этишди. Мактаб ўқувчиларидан Гулнора Ҳайитбоева ва Зилола Сафарбоевалар маҳорат билан бошқарган мазкур танловда иштирокчи қизлар зукколик, донолик, шеърхонлик, китобхонлик, пазандалик маҳоратларини жуда чиройли кўрсата олдилар. Айниқса, бири-биридан қолишмай баҳорий таомлар, хуштаъм салатлар тайёрлаган қизларнинг пазандалик санъатлари тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Тадбирнинг энг қизиқарли баҳслари тўртинчи ва бешинчи шартларда ўз ифодасини топди. Тўртинчи шартда иштирокчи қизлар гулқоғозлар ёрдамида онажонлар учун ранг-баранг гулдасталар тайёрлашган бўлса, охирги бешинчи шартда ўзларининг қандай қобилиятга эга эканликларини адабий-бадиий чиқишлари, бири-биридан гўзал куй-қўшиқлари, шеър ва рақслари билан намоён қилдилар.
Тадбир давомида 4“В”-синф қизлари “Лола” қўшиғига рақс тушиб, барчага баҳорий кайфият улашдилар. Мактабнинг 7“А”-синф ўқувчи-ёшлари томонидан ижро этилган “Онажон” қўшиғи жозибали рақслар билан барча онажонларга манзур бўлди. Тадбирга янада кўрк ва латофат бағишлаган 6“В”-синф ўқувчилари томонидан ижро этилган “Баҳор” қўшиғига барча шод-хуррам рақсга тушдилар.
“Аёл гўзаллиги оламни безар” шиори остида ўтказилган ушбу тадбир ва “Балли, қизлар!” кўрик-танловида аёлнинг гўзаллиги, назокати ва латофати ҳамда сабр-у матонати ҳақиқатдан ҳам оламга кўрк-тароват, осойишталик ва хотиржамлик бағишлаши ўз ифодасини топди. Бу тадбир давомида барчага хушнудлик бахш этган “Балли, қизлар!” кўрик-танлови иштирокчилари бўлган гўзал қизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида, сўзида, муомаласида яққол намоён бўлди. Тадбир якунида “Балли, қизлар!” танлови ғолибларига мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар тақдим этилиб, совғалар берилди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶