Ишчи гуруҳ туманимиз ёшларининг тадбиркорлик фаолияти билан яқиндан танишди
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини бошлагандан сўнг, ёшлар билан боғлиқ энг муҳим масалаларни белгилаб олган ҳолда муаммоларга ечим топиш йўлидан борди. Ёшлар бандлигини таъминлаш ана шундай долзарб масалалардан бири эди. Турли лойиҳалар, узоқни кўзлаб қилинган чора-тадбирлар натижаси бугун анчагина сезилди. Буни ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишларни таҳлил қилган ҳолда англаб этиш қийин эмас.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқди. Устоз-шогирд анъанасига кўра, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш, меҳнат ярмаркалари ташкил қилиш билан иш топа олмаётган ёшларга ёрдам бериш, "Ҳар бир ёшга – бир гектар" лойиҳаси орқали ёшларни фермерларга бириктириш ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида бандлигини таъминлаш, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар орқали яратилган янги иш ўринларига жойлаштириш бу борадаги салмоқли ишлардан саналади.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан жорий йилда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида туманларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ 19 март санасида Aмударё туманида бўлди.
Ишчи гуруҳ туманда 2020 йилнинг шу давригача бу борада амалга оширилган самарали ишлар билан яқиндан танишди. Гуруҳ аъзолари жорий йилда бандлиги таъминланган ёшларнинг иш фаолияти билан танишиб, уларнинг таклифлари, келгусидаги режалари ҳамда ёшларимизни қийнаётган муаммоларни ўрганди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жойларда, авваламбор чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг шароитлар яратилмоқда ҳамда шу орқали ёшларни турли зарарли иллат, ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда.
Маълумот тариқасида айтиш керакки, жорий йилда туманда 744 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, 18 март куни ҳолатига 210 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.
Хусусан, жорий йилнинг март ойида туманимиздаги Олмазор маҳалласида яшовчи ана шундай ёшлардан бири бўлган Санжар Қазақбоев ва Бешовул маҳалласида истиқомат қилувчи Анварбек Ашировларнинг ўз бандлигини таъминлаш мақсадидаги лойиҳаларига "Ёшлар – келажагимиз" Давлат дастури асосида мини футбол майдончасини қуриш учун ер майдони ажратилган бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари ушбу қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Шунингдек, ана шундай ташаббускор ёшларимиздан Охунжон Мадраҳимовнинг чорвачиликни ривожлантириш мақсадидаги лойиҳаси учун "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури асосида 288 млн. кредит маблағлари ажратилган бўлиб, ёш тадбиркор 30 бош наслли чорва молларини сотиб олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Охунжон Мадраҳимовнинг ташаббуси билан 4 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари ёш чорвачиларнинг иш фаолиятлари билан яқиндан танишди.
Бундан ташқари, Бекзод Нураддиновнинг ҳам тадбиркорлик лойиҳаси қўллаб-қувватланиб, унга 2020 йил февраль ойида "Хар бир оила тадбиркор" давлат дастури асосида 30 млн. сўм миқдорида кредит ажратилган ҳамда 2 нафар ёшлар учун янги иш ўринлари яратилган қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган. Ишчи гуруҳ аъзолари ёш тадбиркорнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, янада ривожлантириш бўйича таклиф ва фикрлар билдирдилар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶