ИНШОЛАР ТАНЛОВИ ЯКУНЛАНДИ
Шу йилнинг февраль ойида “Тараққиёт кўзгуси” газетасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида “Наврўз умумхалқ байрами” мавзусида иншолар танлови ўтказилиши эълон қилинган эди. Туманимиз мактабларига газетанинг ҳар бир сони мунтазам равишда етказиб берилаётганлигинига қарамасдан чекка ҳудудлардаги мактабларнинг биронтасидан танловга иншо юборилмаганлиги бизни ҳайратга солди. Мазкур мактабларда дарслар давомида иншолар қай тарзда ёзилаётганлиги бизга номаълум, бироқ танлов тўғрисида хабардор бўлган ўқитувчиларнинг ўқувчиларини иқтидорини синаб кўришга жалб қилмаслиги қандай баҳоланади, билмадик. Қолаверса, танловда қатнашиш ихтиёрийдир.
Танловда қатнашиш истагини билдириб, бизга ўзларининг мазкур мавзудаги иншоларини жўнатган мактаб ўқувчиларига ўзларимизнинг миннатдорчилигимизни билдирамиз. 40-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилноза Бозорбоева, 38-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчилари Асалой Шониёзова, Дилором Ражабоева, Гўзал Озодова, 10-синф ўқувчиси Нигора Ердошеваларнинг иншоларини жуда яхши ёзилган деб қабул қилдик.
Тил ва адабиёт фани ўқитувчилари яхши билишади, иншо ёзишда олдиндан режа тузиш ижод қилишда асосий роль ўйнайди. Яхши режа тузиб, шу режа асосида мавзуни ёритиб бериш нур устига аъло нур бўлиши табиий. Бизга ўз иншоларини ёзиб жўнатган Дилором Ражабова, Гўзал Озодова, Асалой Шониёзовалар биз эълон қилганимиздан бошқа, яъни “Наврўз – баҳор байрами” мавзусини танлашган. Ҳолбуки, Наврўз умумхалқ байрами эканлигига кўпроқ урғу берилиши керак эди. Режа йўқ, бўлса ҳам қоралама қоғозда қолиб кетган бўлиши мумкин.
Дилором ўз иншосида кириш қисмини жуда яхши бошлаган, қушларнинг учиб келиши, баҳорда байрамларнинг кўплиги, миллий либослар ҳақида чиройли тасвирлар келтирган. Иншо ихчам хулоса билан якунланган.
Гўзал ўз иншосида табиат ўйғониши, деҳқонларнинг далада иш бошлаши, болалар ўйини, байрам муносабати билан сумалак пишилиши, кексаларга ҳурмат кўрсатилиши, яхши байрам кайфияти, буларнинг барчасидан ўринли хулоса чиқариб иншони якунлаши билан бошқалардан ажралиб туради.
Асалой ёзган иншонинг режаси йўқ, мавзу бошқа ва жуда қисқа тарзда ёзилгани билан у ўзининг келажакда равон ёза оладиган қаламкаш бўлишини кўрсатиб турибди.
40-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилноза Бозорбоева иншо мавзусини тўғри танлаб, белгили режа асосида ижод қилган. Унинг, айниқса, миллий, тарихий таом сумалак ҳақидаги билимлари таҳсинга лойиқ. “Бир куни бир аёл – деб ёзади у ўз иншосида – фарзандларига нима овқат қилиб беришни билмай қозондаги илиқ сувга буғдой солиб қўйди. Тунда фаришталар келиб буғдойни пишириб кетибдилар. Шундай қилиб ҳозирги кунда маълум ва машҳур сумалак пайдо бўлади”.
Дилнозанинг келажакдаги ижодий ишларида баркамоллик тилаймиз.
38-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Нигора Ердошеванинг ижод маҳсули бўлмиш иншосида Наврўз нима учун умумхалқ байрами эканлиги аниқ далиллар билан баён қилиб берилган. У ўз иншосига “Миллий урф-одат ва анъаналаримиз”, “Сумалак баҳорий таом”, “Наврўз – янгиланиш ва яшариш байрамидир” шаклидаги иш режасини тузиб шу асосда матн тайёрлаган. Иншо орқали у миллий урф-одатларимизни яхши билиши, баҳорнинг келиши, табиат уйғониши, юртдошларимиз ички дунёсини дилдан ҳис қилиши билан бошқалардан ажралиб туради. Қолаверса, ҳуснихат бобида ҳам ўз тенгқурлари орасида тенгсиз эканлиги яққол сезилиб турибди.
Ижодий кенгаш аъзолари Нигора Ердошеванинг ёзган иншосига юқори баҳо бердилар. У мазкур иншо танловининг ғолибаси деб тан олинди.
“Жайхун илҳомлари” нотижорат нодавлат ташкилоти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶