ЭКОЛОГИК ПАPТИЯ ДЕПУТАТЛАPИ ХАЙPИЯ ТАДБИPЛАPИНИ ЎТКАЗИШДИ
Жамият ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик – нафақат ўша жамият учун, балки зиёлилар учун ҳам маънавий ҳалокатдир. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, бизнинг жамиятимизда бундай иллатга мойиллик бармоқ билан санарли. Буни айни пайтдаги коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнидан ҳам яққол англаш мумкин. Кимдир ўзи ва оила аъзолари, қолаверса, маҳалладошлари соғлигига бефарқлик қилиб, касаллик хавфини оширувчи ҳолатларга йўл қўйиб, карантин қоидаларига риоя қилмаётган бўлса, кимдир элим, юртим, деб ўзини аямай фидойилик қилмоқда. Юзлаб, минглаб саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар, зиёлилар ва депутатлар халқнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш учун масъуллик туйғуси билан беором яшамоқдалар.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалашининг олдини олишга қарши кураш шароитида халқимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мушкулларини осон қилиш мақсадида олиб борилаётган хайрия тадбирлари кун сайин ошиб бораётганидан далолатки, ҳар қандай вазиятда ҳамиша бирдам ва аҳил халқимиз бу синовни ўз собит ҳаракатлари, меҳр-у оқибати билан енгиб ўтадилар.
Хайрия тадбирларида сиёсий партиялар вакиллари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Айниқса, экология партиясидан сайланган халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари бу борада фаоллик кўрсатишмоқда. Экология партияси туман Кенгаши раиси Саъдулла Содиқов раҳбарлигида тузилган тарғибот гуруҳи аъзолари деярли ҳар куни халқ орасига кириб бориб, олис овул ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолига коронавирус пандемиясидан сақланиш, вирус юқтириб олмаслик учун шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, бунда уйда қолиб, оила аъзолари даврасида бўлиш ўта муҳим аҳамият касб этиши хусусида тушунчалар беришмоқда. Бу борада 29-Қангли сайлов округидан Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Қангли қишлоқ врачлик пункти мудираси Замира Сапарова томонидан олиб борилаётган ташвиқот тадбирлари эътиборга муносиб. З.Сапарова ҳар бир фуқаронинг тиббий ниқоблардан фойдаланиш маданияти, тиббий маданияти юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар бериб бормоқда.

Экология партияси аъзоси, 11-Ўрта қалъа сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ҳамро Хўжаев эса Ўрта қалъа овулидаги 20 та кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига 193000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини хайр-эҳсон сифатида ўз ҳисобидан етказиб берди.
Экология партияси туман Кенгаши раиси 7-Ойбек сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Саъдулла Содиқов Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси раиси Маҳмуд Норбоев билан биргаликда Манғит шаҳрининг Навоий номли маҳалласидан 5 та, Ойбек номли маҳалласидан 5 та оилага 1 млн. 446 минг сўмлик кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бердилар.

Албатта, бугунгидай мураккаб вазиятда уйларида қолиб, синовли дамларни бошидан кечираётган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, камхарж оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларини кўтариш, хайр-у эҳсонлар қилиш ҳам юксак инсонийлик сифатларидандир. Синовли кунларда бирдам бўлиш, қалбан ҳамжиҳатликда яшаш, уйда қолиб, коронавирусдек офатга қарши қалқон бўлаётган фидойи инсонларни қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ана шу бурчга содиқ бўлсак, албатта, биз барча синовларни дадил енгиб ўтамиз.
Азиз юртдошлар, Сиз уйда қолинг, оила даврасида хотиржам бўлинг. Сиз-у биз учун ишда бўлган ҳар бир фидойига мададкор бўлинг!
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶