Умуммиллий бойлигимиз бўлган ерларимиздан оқилона фойдаланмаслик жавобгарликка олиб келади
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасига кўра ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир. Бу бойликлар давлат муҳофазасидадир. Шу сабабли улардан оқилона фойдаланиш зарур.
Охирги йилларда айрим фуқароларимизнинг хўжасизларча муносабати оқибатида ер майдонларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилмаётган ҳолатлар кўпайиб кетгани ачинарли ҳолат, албатта. Бу борада давлат идоралари томонидан кескин чоралар кўрилаётган бўлишига қарамай, фуқаролар ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига ҳамон йўл қўйиб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 40-моддасида ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини бузмаслик ва бошқа мажбуриятлари белгиланган.
Хўш бу мажбуриятларимизга риоя этмаган тақдиримизда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексида қандай жавобгарликлар назарда тутилган?
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 60-моддасига кўра ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш ҳолатлари жазо қўлланилишига сабаб бўлади. Унга кўра бу каби ҳуқуқбузарликни содир қилган фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати эса фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.
Шу кодекс 60(1)-моддасига биноан, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 68(1)-моддасига кўра ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, яъни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик ҳам ҳуқуқбузарлик саналади. Ушбу ҳуқуқбузарлик фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай экан азиз фуқаролар ризқ-насибамиз бўлган ҳар қарич ерга эҳтиёткорона муносабатда бўлайлик, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига бефарқ қараб турмайлик. Ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш нафақат қонуний бурчимиз, балки инсоний бурчимиз эканлигини ҳам унутмайлик!
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶