Пробация назоратидаги 4 нафар маҳкум муддатидан илгари озод этилди
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин жорий этилиши фуқароларнинг суд муҳокамаларида иштирок этишига, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи амалга оширилишига ҳам таъсир кўрсатди. Судларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари борасидаги ишлар тартиби ўзгартирилди. Аҳоли ўртасидаги сайёр қабуллар ҳам вақтинча тўхтатилди. Бироқ судлар томонидан фақат кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилишда давом эттирилиб, бошқа ишларни кўриш маълум муддатга қолдирилди.
Масофадан хизмат кўрсатиш, муҳим ишларни масофадан ташкил этиш давом этаётган шу кунларда судлар томонидан ҳам жойларда одиллик ва инсонпарварлик тамойилларини қўллаш янада кенг намоён бўлмоқда.
24 апрель куни Жиноят ишлари бўйича туман суди биносининг мажлислар залида туман ИИО Пробация гуруҳи назоратидаги маҳкумларга доир иш юзасидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди раиси И.Алланиязов, туман прокурори ёрдамчиси Санжар Ёрмуҳаммедов ҳамда туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи катта инспектори Ислом Жаббарбергановлар иштирок этди.
Сайёр суд мажлисида дастлаб одил судлов борасидаги фаолиятни амалга оширишга кўмаклашувчи нормалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топганлиги, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилиниши кафолатланганлиги хусусида сўз юритилди. Сўзга чиққанлар Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси ўз аксини топганлигини таъкидлаб, мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилишини ҳам айтиб ўтдилар.
Шундан сўнг, туман ИИО Пробация гуруҳи назоратидаги илгари гиёҳвандлик, қасддан баданга ўртача ва оғир даражадаги шикаст етказиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш каби жиноятларни содир этиб, ўз жазосини ўтаётган 4 нафар маҳкумга доир жиноят иши кўриб чиқилди. Мазкур жиноят ишлари Пробация гуруҳи томонидан берилган тақдимномалар асосида ўрганилди. Судда маҳкумларнинг шахсий йиғма жилдини ўрганиб чиқиш жараёнида улар белгиланган жазо муддатининг учдан бир қисмини ўтаб бўлгани, тарбиявий ишларда фаол иштирок этиб, топширилган ишларни виждонан бажаргани, муҳими, қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар инобатга олинди.
Суд якунига кўра, муқаддам содир этган жиноятлари учун жазо ўтаётган 4 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.
Суд қонунларда белгиланган бағрикенглик ва инсонпарварлик меъёрларига кўра маҳкумларнинг ўрнатилган тартиб-қоида талабларига риоя қилиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганидан келиб чиқиб, шундай тўхтамга келди. Шунингдек, уларнинг келгусида ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиши, жамиятда ўз ўринларини топишида кўмак беришлари учун тегишли хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларига масъулият юклатилиб, бу бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶