МЕҲНАТ ФРОНТИ ФАХРИЙЛАРИ – ЮРТИМИЗ ФАЙЗИ
Тинчликсевар ўзбек халқи 1941-1945 йиллар оралиғида давом этган Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Уларнинг кўрсатган фидойиликлари, жасорати ва мардлиги биз учун ҳамиша ибрат мактабидир. Шу боисдан ҳам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба расман эълон қилинган, немис босқинчилар тор-мор этилган кун – 9 май санаси юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг миқёсда байрам қилинади.
Мазкур урушда туманимизнинг ҳам алп ўғлонлари юрт тинчлиги, озодлиги йўлида жон олиб-жон бериб, душманга қарши курашганлар. Неча минглаб одамлар фронт орқасида фронтдагиларни озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғ билан таъминлаб туриш учун фидокорона меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар.
Ҳозир туманимизда уруш йилларида фронт орқасида меҳнат қилган 109 нафар юрт фидойилари истиқомат қилишади.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага 75 йил тўлишини улар барча юртдошларимиз қатори муносиб қарши олаяптилар, ёш авлоднинг ота-боболари жасоратига муносиб, бугунги тинч-осойишта ҳаётни асрашга қодир бўлиб вояга етишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Меҳнат фронти фахрийлари юртдошларимиз ва давлатимизнинг ҳурмат-эътиборида, ардоғидадир. Уларнинг соғлиқлари мунтазам назорат қилиниб, зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатилаётир. Шунингдек ёшга доир пенсияларига ҳар ойда қўшимча компенсация пули қўшиб берилмоқда. Йилига бир марта соғликларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланма берилади. Тошкент шаҳрига темир йўл ва авиақатновлар чипталарини олишлари учун 50 фоизлик чегирма мавжуд. Фронт орқасида фронтдаги аскарларга тоғдай сулянчиқ бўлиб, қурол-яроғ ишлаб чиқариш корхоналарида, турли завод-фабрикаларда ва қишлоқ хўжалиги соҳасида тун-у кун ҳаловат билмай ишлаган туманимиз меҳнат фронти фахрийларини турли корхона-ташкилотлар оталиққа олиб, доимо ҳолидан хабар олиб турадилар. Уларга овул ва маҳаллалар фуқаролар йиғинлари масъуллари қутлуғ саналарда, байрамларда йўқлаб, совға-саломлар топширадилар. Дуоларини оладилар, заҳматли ҳаёт йўли ҳақидаги хотираларини тинглайдилар.
Давр елкасига юрт озодлиги учун курашишдек масъулиятли вазифани юклаган фидойиларнинг барчаси ҳозир нуроний ёшда. Бу табаррук инсонлар юртимиз файзи, фаришталаридир.
Бугунгидай бахтиёр, обод, тўкин замонга етганларига тинимсиз шукрона айтиб, қўллари дуода, юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб ўтирган нуронийларимизни ҳар қанча ардоқласак, камлик қилади.
Уларни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан қизғин қутлаймиз ва бугунгидай саодатли, озод ва фаровон турмуш завқини суриб, узоқ умр кўришларини тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.
(Фото - qashqadaryogz.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶