ЭЛ АPДОҒИДА ЯШАДИ
Инсоният бор экан, хотира ҳам яшайди. Аждодлар ёди, уларнинг эзгу ишлари асло унутилмайди. Айниқса, Ватан учун кўксини қалқон, жонини фидо қилган мард ўғлонлар хотираси авлодлар томонидан улуғланиб, қадри юксалаверади.
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қанчадан-қанча ватандошларимиз ҳалок бўлди. Уруш йилларида Ўзбекистонга бир миллион нафарга яқин киши Pоссия, Украина, Беларусь ва Молдавиядан эвакуация қилинди. Улар билан бирга келган етим болалар ўзбек оилалари бағрига олинди. Қўлидан иш келадиганларга яшаш учун уйлар берилиб, иш билан таъминланди. Фронт орқасида ҳам жафокаш халқ оғир меҳнат билан кун кечириб, борини жанггоҳлардаги аскарлар учун жўнатди.
Иккинчи жаҳон урушининг қонли жангларида манғитлик Pажаб Казаков ҳам иштирок этиб, ғалабага муносиб ҳиссасини қўшди. Юртга душманни яқин йўлатмаслик учун жанг майдонларида жон олиб-жон берди.
Уруш даҳшати юртни ваҳимага сола бошлаган кезларда у айни кучга тўлган 21 ёшда эди. Бир йилдан сўнг, 1942 йилда уни ҳам урушга жўнатишди. Pажаб Казаков фашист босқинчиларига қарши оловли жангларда 1945 йилга қадар мардонавор курашди. Фашизмга қарши курашлардаги қаҳрамонликлари учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланди. Ватан озодлиги учун бўлган қонли урушлар давомида у уч маротаба ярадор бўлди. Охирги яраланганида Pажаб Казаковни фронт орқасига жўнатишди.
Юртга ярим жон бўлиб қайтган йигит фронт орқасидаги ҳаёт ҳам оғир бўлгани учун қараб ўтирмасдан колхозда табелчи бўлиб ишлай бошлади. Ўзига муносиб, чаққон ва меҳнаткаш қиз бўлган Қурбоной билан оила қурди. Уруш тугагач, турли жойларда ишлаб, юрт равнақига ҳисса қўшди. Шу билан бирга умр йўлдоши Қурбоной Казакова билан 11 нафар фарзандли бўлишди. Шундан ҳаёт қолган 9 фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди. Ҳозирги кунда улар турли соҳаларда меҳнат қилиб, жамият ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Pажаб ота Казаков 2018 йилда 98 ёшида оламдан ўтди. Ота агар ҳаёт бўлганларида бу йил 100 ёшга тўлар эди. У узоқ йиллар эл ардоғида ҳаёт кечирди. Давлатимиз томонидан ҳам бир неча бор ғалабага қўшган ҳиссаси учун юбилей медаллари билан тақдирланди. Фарзандларига, невараларига уруш йилларининг ситамли хотираларидан сўзлаб, ҳозирги осойишта ва фаровон кунлар қадрига етиб яшаш кераклигини айтишдан асло чарчамади.
Биз бахтли авлодмиз. Чунки тинч-осойишта, обод мамлакатда яшаймиз. Бунда улуғ аждодларимизнинг, бобо-бувиларимизнинг, барча нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶