МАСЪУЛИЯТЛИ МАВСУМ – ҒАЛЛА ЎРИМ-ЙИҒИМИГА ПУХТА ҲОЗИРЛИК КЎРИЛМОҚДА
Туманимиз фермер хўжаликларида 3350 гектар майдонда 6 навдаги буғдой парвариш қилинмоқда. Жорий йил кўклами буғдой майсаларининг яхши ривожланиши учун қулай келди, намлик етарли даражада бўлди.
Шу боисдан ҳам барча буғдой экилган далаларда ҳосил барвақт ва бўлиқ бўлиб етилди. Яқин кунлар ичида аграр соҳа ходимлари учун яна бир масъулиятли ва қийин-қистовли мавсум – ғалла ўрим-йиғим бошланади.
Туманимизда деҳқонларимизнинг қалб қўри, пешона тери эвазига етиштирилган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, қабул пунктларига ташиш ва сифатли сақлаш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Мавсум ишларида қатнашадиган ўрим-йиғим комбайнлари ва қабул пунктига ташувчи техникалар бошқарувчиларининг бу борадаги масъулиятлари кенг тушунтирилди, ғаллазорда, ташиш ва қабул пунктида сақлаш давомида ёнғин келиб чиқишига йўл қўймаслик чоралари билан таништирилди.
Мавсумга “Тахиатош дон” дон маҳсулотлари акциядорлик жамиятига қарашли “Манғитдон” филиалида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Филиалга келтирилган ғалла ҳосилидан дарвоза олдидаёқ намуна олиниб, асосан 2 хил мезон – чегараланган ва базис нормалари бўйича текширилиб, тарозига тортилади ва маҳсулот сифатига қараб, махсус тайёрланган учта омборга ва учта майдончага тўкилади. Ҳар бир омбор ва майдончага алоҳида-алоҳида навдаги ва сифат кўрсаткичли ҳосил жойлаштирилиши учун ҳозирлик кўрилди. Шу кунгача омборхоналар ва майдончалар сифатли таъмирланиб, қандай сифат кўрсаткичли ва навли буғдой жойлаштирилиши белгилаб қўйилди.
Филиалда ташкил қилинган лаборатория замонавий ҳосил сифатини аниқлайдиган ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Агарда келтирилган буғдой белгиланган меъёрдан зиёд ифлос ё нам бўлса, алоҳида қабул қилинади ва топширувчи қуритиб, тозалаб беради.
Жорий йилда филиал омборхоналари ва ғалла сақлаш майдончаларида фақат сара уруғ учун ажратилган 838 тонна 6 навдаги ҳосилни қабул қилиш ва сақлаш режалаштирилмоқда. Товар дон учун етиштирилган ҳосил эса Қипчоқ пахта қабул қилиш пунктида вақтинча ташкил этилаётган сақлов ҳудудида қабул қилинади. Бунинг учун транспортёрлар, тарозилар таъмирланиб, махсус текширувдан ўтказилди. Вақтинча мавсумий ишчилар ишга қабул қилинди. Уларнинг унумли ишлашлари учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, тушликда иссиқ овқат берилаяпти.
Филиалга қабул қилинган ғалланинг сифатли сақланиши учун барча чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ёзнинг жазирама иссиғи сақланиб турган айни кунлар ўрим-йиғим мавсумини янада яқинлаштирмоқда.
Ҳа, яқин кунлар ичида ҳазрати деҳқонларимизнинг қалб қўри, ҳалол меҳнати туфайли далаларда етилган буғдой ҳосили хирмонларга тўкилади. Неъматлар ичра тенгсиз, тотли нонларга айланиб, элимиз дастурхонларини тўлдиради.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶