ИНТИЛУВЧАН ЎҚУВЧИМ БИЛАН ФАХРЛАНАМАН
Оллоёр Ражабов Амударё туманининг сўлим Холимбег қишлоғида туғилиб-ўсди. Қишлоқдаги 73-сонли умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинганида ушоққина бола эди. Лекин дарсларни тез ўзлаштириши, айниқса, жисмоний тарбия фанидан ўтказиладиган машғулотларни ўта эпчиллик билан бажариши туфайли синфдошларидан ажралиб турарди. Таълим-тарбия жараёнида ўқитувчи билан ўқувчининг ўзаро холис ҳамкорлиги кўпдан-кўп муваффақиятлар сари йўл очади. Айниқса, ўқувчининг фанларни ўзлаштириш қобилияти ривожланишига ёрдам беради.
Мен жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида Оллоёр Ражабовнинг интилишларини қўллаб-қувватладим. Шахсий педагогик тажриба сифатида енгил атлетика бўйича машғулотларда уни юқори синфлар ўқувчилари гуруҳига қўшиб қўйдим ва унинг ўз устида ишлаши учун имкон яратдим. Натижа эса яхши бўлди. У 7-синфдан бошлаб, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг туман ва республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринлар соҳиби бўлди. Бир неча марта “Ёз ўйинлари” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси биринчилигида спортнинг енгил атлетика тури бўйича иштирок этиб, туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Оллоёр Ражабов ҳозир 18 ёшда. Унинг орзулари кўп. Келажакда нуфузли спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, спортда ўз ўрнини топиш ва шу соҳа бўйича билимини ошириш. Мен устоз сифатида Оллоёр Ражабовга орзулари йўлида омад ёр бўлишини тилайман ва шундай интилувчан ўқувчим борлигидан фахрланаман.
Низом ҚЎШАЕВ,
73-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶